“Кадрлар сиёсати” – расмий муносабат
Телеграм ижтимоий тармоғидаги каналда (Зафар Солижонов) “Кадрлар сиёсати” сарлавҳаси билан эълон қилинган маълумотга расмий изоҳ.

Блогер томонидан ёзилган мазкур материалда республикамизда кадрлар сиёсати билан боғлиқ бир қатор танқидий фикрлар, мавжуд ҳолатлар ҳар томонлама ўрганилмасдан, таҳлил қилинмаган ҳолда бир тарафлама ёндашув билан тайёрланган.
Бу борада блогернинг ҳар бир сатрларига асосли маълумотлар орқали изоҳ бериб ўтадиган бўлсак, блогер -“2017 йилнинг август ойида Мирзиёев селекторда "Икки йилдан кейин ёш йигитлар келади. Забардаст, фидойи, муҳими ватанни севадиган болалар! Мана, ҳозир ёшлар келаяпти. 25 ёш бўлсаям вазир қиламан! Ватанни севса, бўлди! Ўргатаман уларни! Сизларга эса шунча селектордан кейин ҳам ўрганмаяпсизлар", деб айтганди. Аммо бу сиёсат деярли амалга оширилмади. Ёш вазир йўқ. Аммо замонавий ва илмга ташна "тоза қон"га эҳтиёж жуда катта.” – деб ёзган.
2017 йилнинг 9 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселекторда Давлатимиз раҳбари томонидан айтилган мазкур сўзлардан сўнг шу бугунга қадар бир қатор ёш кадрлар масъулиятли лавозимларга раҳбар сифатида тайинланди.
Жумладан, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раҳбари Алишер Саъдуллаев (26 ёш) айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги директори (вазир мақомида) сифатида фаолият юритмоқда.
Худди шундай, Дилноза Каттахонова (28 ёш) - Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари,
Олимжон Тўйчиев (29 ёш) - Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари,
Юсуф Абсоатов (30 ёш) - Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари,
Бобир Исломов (36 ёш) - Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси
Олимжон Умаров (35 ёш) - Бош вазир маслаҳатчиси,
Отабек Хасанов (35 ёш)- Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари,
Усман Шарифхаджаев (34 ёш) - Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари,
Шодиёр Маматқулов (34 ёш) - Мактабгача таълим вазирининг ўринбосари,
Жамол Насиров (35 ёш) - Маданият вазирининг биринчи ўринбосари,
Нажмиддинхўджа Шарипов (37 ёш) - Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси,
Акмал Бурхонов (39 ёш) - Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори,
Шерзод Кудбиев (40 ёш) - Давлат солиқ қўмитаси раиси,
Тимур Ишметов (41 ёш) - Молия вазири,
Руслан Давлетов (40 ёш) - Адлия вазири,
Рахимжон Хакимов (37 ёш) - Тошкент Давлат юридик университети ректори, Абдулазиз Аккулов (35 ёш) - Туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси ўринбосари,
Аюбхон Раджиев (31 ёш) - Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ректори сифатида фаолият юритиб келмоқда. Мазкур рўйхатни яна давом эттириш мумкин...
Бундан ташқари, туман ва шаҳарлар ҳокимликларида ҳам раҳбарлар ёш таркиби бўйича катта ўзгаришларга эришилган.
Хусусан, мавжуд ҳоким ва ҳоким ўринбосарлигига тайинланганларнинг 942 нафарини 35 ёшгача ҳамда 1790 нафарини 35-45 ёшгача бўлганлар ташкил этади.
Масалан;
Сарварбек Султонов (31 ёш) - Ширин шаҳар ҳокими,
Рахимова Дурдона (31 ёш) - Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари,
Орипов Анвар (35 ёш) - Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари,
Инамов Оқибжон (36 ёш) - Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари,
Абдуллаев Шоҳжаҳон (33 ёш) - Ангор туман ҳокими,
Шукуров Элбек (32 ёш) - Сирғали тумани ҳокими,
Хасанов Камолиддин (35 ёш) - Навоий вилояти ҳокимининг ўринбосари, Еденбаев Ерполат (34 ёш) - Мўйноқ тумани ҳокими,
Юлдашев Бобирбек (34 ёш) - Марҳамат тумани ҳокими,
Шагазатов Ойбек (36 ёш) - Қашқадарё вилояти ҳокимининг ўринбосари,
Маткаримов Илҳом (36 ёш) - Тахиатош туман ҳокими,
Ҳамроев Ботиржон (36 ёш) - Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари,
Ҳакимов Шукурулла (36 ёш) - Шофиркон туман ҳокими,
Гаппаров Раҳматулло (36 ёш) - Қумқўрғон туман ҳокими,
Ахмедов Жўрабек (37 ёш) - Бўстонлиқ туман ҳокими,
Мейлиев Тўхтамурод (37 ёш) - Касби тумани ҳокимлари ҳозирда ёш бўлишига қарамасдан масъулиятли лавозимларга тайинланган.
Бундай мисоллар ва фактларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Ана энди ҳар бир инсон блогер қайд этган маълумотлар ва расмий изоҳ сифатида берилаётган аниқ фактларни қиёслаган ҳолда Давлатимиз раҳбари томонидан қилинаётган ташаббуслар амалиётда қанчалар ўз тасдиғини топаётганини кўриш қийин эмас.
"Ижро билан боғлиқ жуда катта муаммолар бор. Эрта-индин лойиҳаларга деб четдан олинган қарзлар ижроси масаласида асл юзимиз очилса ҳам ажабланмайман."
Блогернинг мазкур сўзларига жавобан шуни айтиб ўтишимиз мумкинки, қабул қилинаётган ҳар бир қарорларнинг ижросини ташкил қилиш ва назоратини олиб бориш бўйича қатъий тизим яратилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 августдаги “Ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ф-5017-сон фармойиши ва 2018 йил 5 октябрдаги “Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3962-сон қарорига асосан ҳар бир қарор ижросини “Ijro.gov.uz” электрон тизими орқали назорат қилиш механизмлари яратилган.
Мазкур қарорга асосан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқларининг тўлиқ ва ўз вақтида ижро этилиши юзасидан назорат олиб борувчи, шунингдек, “Ijro.gov.uz” тизими бўйича ишларни мувофиқлаштирувчи масъул давлат органи этиб белгиланган.
“2019 йилнинг октябр ойида "Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент Фармони қабул қилинди.
Фармоннинг иккинчи қисми ижроси ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (ДХРА) ташкил этилди. У давлат бошқаруви органлари ва ташкилотларда кадрлар бошқаруви ҳамда инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлиши белгиланди. Бироқ тизим амалда 1997 йилдаги кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида ишлаб келмоқда. Янги қонун ишлаб чиқилмади.”
Мазкур Фармон асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 2020 йил май ойидан бошлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz) орқали жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди, журналистлар, блогерлар ва маҳаллий экспертлар ҳамда 20 дан ортиқ хорижий экспертлар иштирокида 3 марта муҳокама қилинди. Фуқаролар ва маҳаллий экспетлардан келиб тушган 220 дан ортиқ ҳамда хорижий экспертлар томонидан билдирилган 40 га яқин таклифлар асосида қонун лойиҳаси такомиллаштирилди.
Қонун лойиҳасида кадрлар захирасини яратиш, лавозимларни эгаллашда меритократия тамойили ва “каръера модели”ни қўллаш каби замонавий институтларни жорий этиш бўйича самарали механизмлар белгиланмоқда. Хусусан, кадрларни очиқ мустақил танлов асосида саралаб олиш, фаолиятнинг натижадорликка йўналтириш мақсадида энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (ЭМСК, KPI) асосида баҳолаш тушунчаларининг киритилиши энг муносиб ва қобилиятли шахсларни адолатли ҳамда объектив баҳолаш орқали давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш ҳамда хизмат поғоналарида барқарор ўсишини таъминлашни назарда тутади.
Қонуннинг халқчиллиги ҳамда унинг амалиётда ишлаб кетишини таъминлаш мақсадида лойиҳа билан таклиф этилаётган янгиликлар очиқ мустақил танлов асосида ишга кириш, хизматчиларни малакасини тизимли равишда ошириб бориш, фаолиятни натижадорликка йўналтириш каби асосий жиҳатларни апробация қилиш мақсадида вазирлик ва идоралар ҳамда ҳокимиятларда синовдан ўтказилмоқда.
Хусусан, туман (шаҳар) ҳокимликлари фаолиятини “Энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари” (KPI, “ЭМСК”) асосида баҳолаш тизими эксперимент тариқасида йўлга қўйилди. Бунда, Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани ва Янгийўл шаҳри, Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани, Хоразм вилоятининг Урганч шаҳри, Ҳазорасп, Янгибозор ва Янгиариқ туманлари, Андижон вилоятининг Бўстон тумани ва Хонобод шаҳри, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳри ва Қува тумани, Наманган вилоятининг Чортоқ тумани ҳоким ўринбосарлари фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаб борилмоқда.
Давлат фуқаролик хизматидаги вакант лавозимларга муносиб номзодларни ишга қабул қилиш тизимини амалиётга жорий этиш мақсадида “Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона портали” (vacancy.argos.uz) ишга туширилди ҳамда 4 та вазирлик ва идоралар, 17 та туман (шаҳар) ҳокимликларида очиқ мустақил танлов асосида ишга қабул қилиш тизими йўлга қўйилди.
Давлат хизматчиларининг билимларини ошириш мақсадида тармоқ хусусиятларидан келиб чиқиб, республика, вилоят ва туман даражасидаги давлат фуқаролик хизматчиларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув дастурлари ишлаб чиқилди. Мазкур дастурлар асосида Давлат бошқаруви академияси ва унинг 6 филиалларида ҳамда мамлакатдаги 125 малака ошириш марказларида жами 437 соатлик ўқув семинар ва тренингларда 4 683 нафар давлат хизматчилари қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курсларида иштирок этди.
Ўтказилган апробациялар ва олинган таклифлар асосида такомиллаштирилган қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик Палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги Қонуни талабларидан келиб чиқиб, 13 та манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш учун тайёрланмоқда.
"Ўзбек давлат хизматчиларига "социал лифт" атамаси бегона. Хоҳласангиз улар орасида аноним сўровнома ўтказинг: мутахассис эртага кун келиб раҳбар бўлишига ишонмайди. Жойларда тайинловлар ва муҳим "креслолар"га шахс топиш марказлашганини ҳеч ким инкор қилмаса керак."
Давлат органлари ва ташкилотларининг вакант лавозимларини малакали, етарли билим ва кўникмаларга эга бўлган шахслар билан тўлдиришнинг шаффоф механизмини яратиш мақсадида Агентлик томонидан Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали (https://vacancy.argos.uz/) ишлаб чиқилди.
Бугунги кунга келиб, мазкур портал орқали тажриба тариқасида 4 та вазирлик ва идора (Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги ҳамда Давлат бошқаруви академияси), 17 та туман (шаҳар) ҳокимликларининг жами 51 та вакант лавозимлари бўйича танловлар эълон қилинган бўлиб, жорий йилнинг 16 сентябрь ҳолатига жами 1578 нафар номзодлар танловга қатнашиш учун ҳужжат топширган.
Хусусан, Давлат хизматини ривожлантириш агентлигиги томонидан танлов эълон қилинган 34 та вакант лавозимларга 398 нафар шахслар ҳужжат топшириб, улардан 25 нафар энг муносиб кадрлар очиқ мустақил танлов асосида ишга қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги марказий аппаратидаги 5 та вакант лавозимлар бўйича бўлиб ўтган танловда жами 261 нафар номзодлар қатнашиб, танлов якуни бўйича муносиб номзодлар ишга қабул қилиниши таъминланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясининг 7 та вакант лавозимлари бўйича бўлиб ўтган танловда 79 нафар номзодлар қатнашиб, танлов якунлари бўйича 5 та вакант лавозимга муносиб номзодлар ишга қабул қилинди ҳамда 2 таси бўйича қайта эълон берилиши белгиланди.
Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри, Хоразм вилояти Урганч шаҳри, Хазорасп ва Янгиариқ туманлари, Тошкент вилояти Ангрен шаҳри, Бўка ва Янгийўл туманлари, Қашқадарё вилояти Ғузор ва Шаҳрисабз туманлари, Жиззах вилояти Жиззах шаҳри, Навоий вилояти Навоий шаҳри ва Учқудуқ тумани, Сирдарё вилояти Гулистон тумани, Сурхондарё вилояти Шўрчи, Олтинсой, Сариосиё ва Музработ туманлари ҳокимликларининг жами 27 та вакант лавозимлари бўйича танлов жараёнлари кетмоқда.
Жорий йилнинг 14 сентябрь куни илк бор ҳоким ўринбосари лавозимини эгаллаш очиқ мустақил танлов асосида амалга оширилиб, танлов иштирокчиси Ф.Хайруллаев Тошкент вилояти Бўка тумани ҳокими ўринбосари лавозимига тайинланди.
Ҳозирда барча давлат органлари ва ташкилотларида очиқ мустақил танлов асосида ишга қабул тизимини жорий этиш бўйича қонун ҳужжатлари лойиҳалари ишлаб чиқилди ҳамда тез орада кенг миқёсда амалиётга жорий этилади.
Бу борада амалга оширилаётган ишлар республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда. Хусусан, танлов жараёнларида юқори натижа кўрсатиб ғолиб бўлган номзодлар ҳақидаги маълумотлар “Ўзбекистон-24”, “Узепорт ТВ”, “Менинг юртим”, “Севимли” телеканаллари, “Uza.uz” Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг расмий сайт ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, маҳаллий телеканаллар ҳамда сайтларда кенг ёритилди.
Танлов жараёнларидаги очиқлик, адолатлилик ва шаффофлик тамойиллари қай даражада таъминланганлиги юзасидан танлов иштирокчиларининг интервьюлари орқали кенг жамоатчиликка етказилди.
Бундан ташқари, раҳбарлик лавозимларига замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган номзодларни тайёрлашни тизимли ташкил этиш мақсадида БАА, Жанубий Корея, Малайзия, Россия Федерацияси, Қозоғистон Республикаси ва бошқа бир қатор хорижий давлатлар билан инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида имзоланган келишувларга кўра истиқболли давлат хизматчиларини стажировка ва малака ошириш курсларига юбориш режалаштирилган эди. Бироқ, ҳозирги пандемия шароитида давлат хизматчиларининг соғлигини асраш ҳамда бутун дунё бўйлаб ўрнатилган карантин қоидалари сабабли мазкур ишларни амалга ошириш кейинга қолдирилди.
"Яна бир масала. Охирги вақтлар ҳокимлик институтига раҳбар этиб ИИВ тизимидан чиққанлар қўйилиши урфга кираётгандек. Асака тумани ҳокими Мансурбек Алиханов, Сўх туман ҳокими, аввал Сариосиёга кейин Бойсун туманига ҳоким бўлган Асқарали Жўраев ва бошқалар сўзимизнинг исботи бўла олади. Бу нима дегани биз бошқарувда милитаризм фоизини оширишни бошладикми ёки мазкур ҳудудларда иқтисодиётдан кўра тинчлик масаласи муҳимми ёки бўлмаса, бу шунчаки тасодифми? Лекин бир нарсани биламан, бошқарувда тасодифлар тасодифан бўлмайди. Шунақа гаплар..."
Мазкур важлар асоссиз бўлиб, ҳолат тўлиқ таҳлил қилинмасдан айрим маълумотларга таянган ҳолда эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3182-сон қарорига асосан аҳолининг ҳаёт сифати ва даражасини юксалтириш, давлат органлари раҳбарларининг масъулиятсизлиги ҳолатларининг юзага келишига қатъий равишда барҳам бериш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳудудларини тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қиладиган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларга (кейинги ўринларда секторлар деб юритилади) бўлиш амалиёти йўлга қўйилган.
Натижада ўз секторида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларини ташкил этиш ва ҳал қилиш, шу жумладан, аҳолининг энг муҳим муаммоларини ечиш юзасидан ижобий натижаларга эришган сектор раҳбарлари (прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари) ҳудудларга ҳоким сифатида тайинланмоқда.
Шу билан бирга, ҳозирда фаолият кўрсатаётган ҳокимларнинг 34% иқтисод, 22,8 фоизи муҳандислик, 15,5% қишлоқ хўжалиги, 13,2 фоизи ҳуқуқшунос, 3,3 % педагог, 2,3% архитектура ва қурилиш, 8,9 фоизини бошқа мутахассисликлар ташкил қилади.
Хулоса сифатида айтиб ўтадиган бўлсак, бугунги кунда мамлакатимизда очиқлик, шаффофлик ва адолатлик тамойиллари устувор бўлишига ҳар томонлама аҳамият қаратилмоқда.
Айниқса давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар билан ахборотнинг кенг жамоатчиликка етиб боришинин таъминлаш йўлида олиб бораётган ҳамкорлиги, ОАВ вакиллари ва блогерларга нисбатан очиқлиги, жамиятимизда ишончли маълумотларни кенг жамоатчиликка етиб боришига хизмат қилмоқда. Аммо бу каби асослантирилмаган, фактларга таянилмаган маълумотларнинг кенг тарқатилиши “Янги Ўзбекистон” сифатида халқаро майдонда ўз ўрнини мустаҳкамлаётган давлатмизнинг имиджига салбий таъсирини ўтказиши турган гап.
Шу сабабли, барча ОАВ вакиллари ва блогерлар кадрлар сиёсати, давлат органлари ва ташкилотларида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда ўзгаришлар борасида тайёрланадиган ҳар қандай материалларни асосли, шунингдек аниқ фактлар билан тайёрлашларини сўраб қоламиз.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги барча ОАВ вакиллари ва блогерлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Ахборот хизмати