Хорижда ўқиш учун грантлар қандай ютиб олиниши муҳокама қилинди
Хорижда ўқиш учун грантлар қандай ютиб олиниши муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 17 март куни Учқўрғон туман маданият маркази ҳамда Наманган шаҳар ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган вилояти филиали “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 11 февралдаги ПФ-6168-сон Фармонининг мазмун-моҳияти ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси очиқ стипендия танловлари тартиби билан боғлиқ янгиликларни вазирлик, идора ва ташкилотлар ходимларига, шунингдек, ҳудудлардаги ёшлар орасида кенг тарғиб этишга қаратилган амалий-услубий семинар ўтказилди.
Мазкур семинарларда вилоятдаги умумтаълим мактаблари масъул раҳбарлари ва битирувчи синф ўқувчилари, олий таълим муассасаларининг хорижий давлатларда таълим дастурларига масъул раҳбарлари ҳамда талабалари, академик лицейларнинг битирувчилари, шунингдек, ҳудудий давлат органлари ва ташкилотларининг кадрлар хизматига масъул раҳбарлари иштирок этишди. Семинар бир вақтнинг ўзида ZOOM платформаси орқали ҳам ўтказилиб, туман (шаҳар)лардаги мактаб битирувчилари, вилоятдаги кўплаб олий таълим муассасалари ҳамда академик лицейларидан ҳам тингловчиларни онлайн иштирок этиши учун шароит яратиб берилди.
Ушбу семинарда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган вилояти филиали раҳбари ўринбосари И.Ходжиев, “Эл-юрт умиди” жамғармаси директори ўринбосари О.Саттаров ҳамда жамғарма матбуот котиби М.Содиқовлар сўзга чиқиб, жамғарма иш фаолиятининг мазмун-моҳияти, бугунги кунда жамғарма томонидан ёшларга ажратилаётган хорижий грантлар хусусида, бундан ташқари, стипендия танловларининг янги талаблари ва қандай қилиб Жамғарма стипендиясини қўлга киритиш мумкинлиги тўғрисида таъкидлаб ўтишди, шунингдек, Ёшларни қандай рағбатлантириш мумкинлиги ҳақида ўз фикрлари билан улашишди.
Ушбу ҳудудий амалий-услубий семинарлардан кўзланган мақсад иқтидорли ва истиқболли, айниқса республиканинг барча ҳудудларидан ёш мутахассисларни излаб топиш ва танлашга қаратилган фаолиятни тубдан такомиллаштириш ва янада модернизациялаш, уларни “Эл-юрт умиди” жамғармасининг (бакалавриат, магистратура ва докторантура) таълим дастурлари асосида хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда таълим олишини ташкил этиш, профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини шакллантириш ва уларни давлат хизматига жалб этишга қаратилган.
Мазкур амалий-услубий семинарлар давомида Жамғарма фаолияти ва стипендия танловлари тўғрисидаги маълумотларни ёритиш мақсадида видеороликлар, флайерлар, буклетлар ва бошқа тарқатма материаллардан фойдаланилди.
Семинар давомида иштирокчилар хорижий таълим дастурлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Маълумот учун:Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 11 февралдаги ПФ-6168-сон Фармонига асосан 2021 йилдан Жамғарма томонидан 100 нафар ёшлар бакалавриат таълим дастури бўйича хорижга юборилиши муносабати билан ҳудудий амалий-услубий семинарларга Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги мактаблар, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблари ўқувчилари ҳамда ҳудудлардаги олий таълим муассасалари талабалари видеоконференция орқали жалб этилади.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Наманган вилояти филиали