Янги баҳолаш мезонлари натижадорликни таъминлаяпти
2021 йилнинг февраль ойидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилоят филиали томонидан вилоятдаги 33 та давлат бошқарув органлари кадр хизмати раҳбарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаб бориш юзасидан 10 та баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилиб, расман эксперимент тарзда амалиётга жорий этилди.
Хусусан, давлат фуқаролик хизматида вакант лавозимларни очиқ танловга беришни кўпайтириш, қайта танловга беришни камайтириш, давлат фуқаролик хизматчиларига оид маълумотларни "ЯММТ" ИДАКга киритишни ташкиллаштириш, давлат фуқаролик хизматчиларининг малакасини оширишни ташкил этиш, кадр хизмати раҳбарларининг ОАВлардаги чиқишларини кўпайтириш, шунингдек, олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари талабалари учун "Очиқ эшиклар" куни тадбирларини ташкил этиш, давлат фуқаролик хизматида энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари бўйича баҳолаш тизимини жорий этиш, миллий кадрлар захирасини шакллантириш, Давлат фуқаролик хизматида HR метрканинг юритилиши, соғлом турмуш тарзини жорий этиш кабилар тизимда натижадорликка хизмат қила бошлади.
Эндиликда мазкур мезонлар асосида кадр хизмати раҳбарлари фаолияти йиллик ҳамда ойлик режа асосида доимий баҳоланиб, ҳар ой якунида натижалар билан таништириб борилади.
Жумладан, жорий йил февраль ойида амалга оширилган ишлар натижаси билан таништириш ва келгуси ойда қилиниши лозим бўлган ишларни муҳокама этиш мақсадида Самарқанд шаҳар Ёшлар маркази биносида учрашув ўтказилди.
Унга Самарқанд вилоятидаги 40 га яқин давлат бошқарув органларида меҳнат қилаётган вилоят бўғинидаги кадр хизмати раҳбарлари ва ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари таклиф этилди.
Учрашув чоғида кадр хизмати раҳбарларига жорий йилнинг февраль ойида амалга оширилган ишлари бўйича баҳолаш натижалари (рейтинг) ҳавола этилиб, келгусида баҳолаш натижаларини яхшилаш учун эътибор қаратиш лозим бўлган алоҳида жиҳатларга тўхталиб ўтилди.
Жорий йилнинг биргина февраль ойининг ўзида кадр хизмати раҳбарлари томонидан 11 та мақолалар ОАВларида чоп этилгани, олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари талабалари учун 6 та давлат бошқарув органларида "Очиқ эшиклар" куни тадбирлари ташкил этилгани баҳолаш мезонларининг нақадар натижадорлик ва самарадорликка йўналтирилганини кўрсатмоқда.
Тадбир якунида билдирилган талаб ва таклифларга кўра, бундай учрашувларни ҳар ой якуни билан ўтказиб туришга келишиб олинди.
Агентлик Ахборот хизмати