Ёшларни хорижда ўқитиш масаласига бағишланди

16:55 - 25 март 2021 Янгиликлар
732

Жорий йилнинг 23 март куни Бухоро шаҳар ҳокимлигида “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан ёш мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича тақдимот ташкил қилинди. Унда вилоятдаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талаба ёшлар, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиантлари, шаҳар ва туманлар студияларидан ёшлар етакчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Тақдимотда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2018 йил 25 сентябрда ташкил этилган “Эл-юрт умиди” жамғармаси олдига миллатнинг интеллектуал элитасини тайёрлаш, хорижда истиқомат қилаётган, замонавий билим, малака ва илғор илмий-амалий тажрибага эга бўлган ватандошлар билан мунтазам мулоқот ўрнатиш талаби қўйилганини, бу борада самарали ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси ёш кадрларга илғор хорижий университетлар ва илмий марказларида магистратура ва докторантурада ўқитиш, дунёнинг етакчи агентлик ва компанияларида стажировка ўташ ва малака ошириш таълим дастурлари бўйича стипендиялар эълон қилиб келмоқда. “Эл-юрт умиди” жамғармаси очиқ стипендия танловлари орқали 2018 йилда 375 нафар, 2019 йилда 605 нафар иқтидорли ва истиқболли мутахассислар АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Япония, Канада, Россия, Хитой, Жанубий Корея ва бошқа 20 дан ортиқ етакчи давлатларда таълим олишгани ҳам айтиб ўтилди.

Президентимизнинг 2019 йил 4 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармасининг дастурлари бўйича кадрларни ўқитишни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ стипендиялар 5 та танлов ўтказиш йўналишлари бўйича ажратиладиган бўлди.

Таълим, илмий тадқиқотлар, соғлиқни сақлаш, давлат бошқаруви, иқтисодиётнинг истиқболли тармоқлари кесимида, ҳамда ўтган йиллардан фарқли равишда 4 та таълим дастури бўйича: докторантура, магистратура, стажировка ва малака ошириш йўналишларида ҳам стипендиялар ажратиладиган бўлди. Мазкур қарорга биноан “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиялар танловларни ташкил этиш механизми ва унинг муддатлари ишлаб чиқилган. Унда вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар эҳтиёжларини ўрганишдан бошлаб токи стипендиатларга сертификатлар топшириш жараёни аниқ белгиланган.

Тақдимот давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Бу йўналишдаги ишларни ривожлантириш борасида ўз таклифларини бердилар.

Якунда 2019 йилда жамғарманинг стипендиясини қўлга киритиб, ўша йил сентябрь-декабрь ойларида Италия Республикасида амалиёт ўтаб, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини қўлга киритган Бухоро давлат университетининг Туризм ва меҳмонхона хўжалиги кафедраси мудири Зиёдулла Нуровга диплом топширилди.

  


Агентлик Ахборот хизмати

Чоп этиш