Ўзбекистон-Америка: давлат хизматини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилади
Давлат бошқарувида ислоҳотларни халқ ҳаётида акс эттириш бугунги кунда аксарият давлатлар олдида турган долзарб вазифа. Бугун халқимиз ҳар бир ислоҳот, ўзгаришни ўз ҳаётида, турмушида кўришни хоҳлайди. Бунда эса салоҳиятли давлат хизматчисининг профессионал фаолияти муҳим. Шу боис, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги белгиланган стратегиямиздан келиб чиқиб, қатор ривожланган давлатлар тажрибасини ҳам ўрганмоқда.

Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Отабек Хасанов ҳамда Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Жавлон Вахабов ўртасидаги онлайн учрашувда шу ва қатор масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Мулоқотда замонавий талаблар асосида давлат хизматчилари малакасини ошириш, кадрлар сиёсати ва давлат хизмати тизимини такомиллаштириш, хорижда қисқа ва узоқ муддатли стажировкаларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот аввалида О.Хасанов Агентлик томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Шундан сўнг, Агентлик олдида давлат хизматчилари малакасини ошириш йўналишида турган вазифаларга тўхталди:
Жумладан,
- ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари учун АҚШга қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича 10-15 кишилик гуруҳларни малака оширишга юбориш;
- давлат хизматчиларини АҚШга 3 ойдан 6 ойгача бўлган узоқ муддатли стажировкага юбориш бўйича 1-3 кишилик гуруҳни шакллантириш ва малака оширишга юбориш;
- Агентлик ходимлари учун малака ошириш курслари ва стажировкаларни ташкил этиш.
Шунингдек, О.Хасанов айни пайтда Агентлик томонидан “Ректорлар мактаби” дастури амалга оширилаётганлиги ва ушбу лойиҳа натижалари асосида бир гуруҳ ректорларни ҳам АҚШга, қисқа муддатли малака ошириш курсларига юбориш масалаларига тўхталди.
Мулоқот давомида Элчи Ж.Вахабов юқоридаги барча таклифларни маъқуллаб, қўллаб-қувватлашини билдирди. Бундан ташқари, АҚШнинг Хасс ва Берклей университетида давлат хизмати, менежмент хусусан, тиббиёт менежменти каби соҳаларда етакчи мутахассисларни жалб қилган ҳолда онлайн машғулотларни мунтазам ташкил этиб бориш имконияти мавжудлигини ҳам билдирди.
Шунингдек, томонлар қисқа ва узоқ муддатли малака ошириш курсларини ҳамкорликда ташкил этиш мақсадга мувофиқлиги, шу асосда АҚШнинг давлат хизматчилари учун ташкил этилаётган қисқа муддатли курслар бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали Агентликка ҳам маълумот бериб боришга келишиб олишди.
Учрашув якунида ҳамкорлик тематикаси белгиланди.
Эндиликда АҚШнинг Кадрлар бошқаруви офиси, Америка Давлат бошқаруви Ассоциацияси, АҚШ Давлат хизмати академияси, Ж.Кеннеди номидаги Бошқарув мактаби билан Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ўртасида ҳамкорлик ўрнатилиши режалаштирилмоқда.