“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди
Айни дамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги Ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда.

Унда депутатлар томонидан бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилмоқда. Жумладан, депутатлар “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилишди.
Қонун лойиҳаси билан давлат фуқаролик хизматини тартибга солиш ва тегишли субъектларнинг ваколатлари, давлат фуқаролик хизматчисининг мақоми, одоб-ахлоқ қоидалари, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳамда жавобгарлиги белгиланмоқда.
Шунингдек, лойиҳада давлат фуқаролик хизмати тизимида коррупцияга қарши курашиш, давлат фуқаролик хизматига кириш, уни ўташ ва тугатишнинг ягона қоидаларини жорий этиш кўзда тутилган. Мазкур ҳужжатда биринчи марта давлат фуқаролик хизматчиларининг мақоми институти жорий этилмоқда.
Қолаверса, лойиҳада давлат хизматчиларининг даромади ва мол-мулкини декларациялаш, коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмаслиги каби нормалар ўз аксини топади.
Ялпи мажлисда депутатлар томонидан “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.