“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишга тайёрлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар дастури белгиланди

11:40 - 18 январ 2022 Янгиликлар
979

Дастурга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Спикернинг 2021 йил 28 декабрдаги кўрсатмасига асосан, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасида семинар  ташкил этилди.

Унда қўмитаси аъзолари, депутатлар, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул вакиллари иштирок этди.

Семинарда Агентлик вакиллари томонидан қонун лойиҳасидаги устувор масалалар, лойиҳада келтирилган кадрлар маъмуриятчилигига оид кадрларни саралаш, танлаб олиш ҳамда миллий кадрлар захирасини юритишга оид асосий қоидаларни амалиётда қўллаш, хизматчилар фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолашга доир қоидалар, давлат хизматчиларини узлуксиз малакасини ошириш, компетенцияларини ривожлантириб бориш масалаларини амалиётда қўллаш юзасидан депутатларга  батафсил маълумот берилди. 

Депутатлар қонун лойиҳасининг давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясига тааллуқли рағбатлантириш ва жазо чоралари тартиби, ижтимоий таъминот, шунингдек, меҳнат қонунчилигига риоя этилишининг ҳуқуқий кафолатлари каби қоидаларини алоҳида таъкидлашди.

Қонун лойиҳаси юзасидан Агентлик вакиллари парламент қуйи палатаси депутатларини қизиқтирган барча саволларга  асослантирилган жавоблар беришди. 

Қўмита Агентликнинг масъул ходимлари ва бошқа ташкилотлардан ишчи гуруҳи вакиллари иштирокида қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида моддама-модда муҳокамасини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Эслатиб ўтамиз, белгиланган Дастур асосида қонун лойиҳасини сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги барча фракцияларида, жойларга чиқиб муҳокама қилиш, Фракция аъзолари, давлат хизматчилари, соҳа мутахассислари томонидан билдирилган таклифларни Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Агентлик масъул вакилларидан иборат ишчи гуруҳда таҳлил қилиш, асосли таклифларни лойиҳага киритиш режалаштирилган.

Чоп этиш