Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz фаолияти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5843-сонли Фармонига мувофиқ Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz фаолияти йўлга қўйилди.

Ушбу портал давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант лавозимларни муносиб кадрлар билан тўлдириш учун “бир дарча” тамойили асосида фаолият кўрсатади. Яъни меҳнат ва кадрлар ишига оид барча интернет платформалари мазкур портал билан интеграциялашган.
***
vacancy.argos.uz портали интерактив бўлиши билан бирга номзодлар учун қатор имконият ва қулайликларни тақдим этади. Масалан, танловда иштирок этиш истагида бўлган номзодлар бир йўла давлат органининг учтагача бўш иш ўрни учун ариза топшириши мумкин. Ариза юбориладиган ташкилотлар сони чегараланмаган. Вакант иш жойига бўлган малакавий талаблар иш берувчи томонидан барча учун тенг тамойил асосида белгиланади.
Бу амалиёт қоғозбозлик ва ортиқча ёзишмалардан холи бўлган электрон платформа сифатида фаолият юритади. Ишга кирмоқчи бўлган кадрлар ташкилотма-ташкилот кўп ҳужжатларни кўтариб овора ва сарсон бўлмайди. Турли идоралардан ортиқча маълумотномаларни олиш ҳам талаб этилмайди. Номзод ҳақидаги барча маълумотлар Ягона миллий меҳнат тизими орқали автоматик тарзда ўз аризасида акс этади.
***
Бугунги кунга келиб Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz портали орқали 60 дан ортиқ вазирлик ва идоралари ҳамда барча туман (шаҳар) ҳокимликларидаги мавжуд вакант лавозимлар бўйича 33 мингдан ортиқ танлов эълон қилиниб, 450 мингдан ортиқ номзод иштирок этган.
Вакант лавозимларнинг 1 256 таси — ҳужжат топшириш жараёнида, 11 123 таси — ҳужжат топшириш муддати тугалланиб, тест ва суҳбат ўтказиш жараёнида, 19 805 тасида эса танлов якуни етган. 8 100 киши давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилинган.
***
Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz портали орқали ишга қабул қилиш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
— малака талаблари бўйича саралаш;
— тест синови;
— суҳбат.
Давлат хизматига кириш учун ҳужжат топширган номзодларнинг 20 фоизи — 70 мингдан ортиғи хотин-қизларни ташкил этади.
Танлов ғолибларининг 1016 нафарини хотин-қизлар, 2012 нафари — 30 ёшгача бўлган, 1092 нафари давлат хизматига биринчи маротаба қабул қилинганларни ташкил этади.
***
vacancy.argos.uz портали орқали ишга қабул қилиш жараёнларида очиқлик ва шаффофлик таъминланмоқда
Очиқ танлов жараёнлари онлайн режимда телеграмдаги махсус — @vacancyonline каналига тезкор жойлаштирилмоқда.
Шунингдек, танлов жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ғолиблар ҳақидаги маълумотлар телеграмдаги махсус канал — @vacancy_winners орқали эълон қилиб борилмоқда.
Кўп сонли танлов иштирокчилари — вакант лавозим учун номзодлар талабига мувофиқ test.argos.uz — давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модулидаги тест саволларидан намуналар (https://t.me/testargosuz) эълон қилинмоқда.
Қолаверса, @vacancy_argos_bot орқали очиқ танловлар юзасидан таклиф ва муаммоларни қабул қилиб, қисқа муддатда жавоб бериб келинмоқда.
@himoya_argos гуруҳи орқали эса очиқ танлов орқали давлат фуқаролик хизматига қабул қилинган кадрларнинг ҳуқуқлари Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан бириктирилган экспертлар томонидан ҳимоя қилиб келинмоқда.
***
Бундай ёндашув давлат хизматига энг муносиб, малакали кадрларни бюрократик тўсиқларсиз очиқ ва адолатли танлов жараёнлари орқали жалб қилиш имконини бермоқда.