Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари фаолияти юзасидан таҳлилий маълумот берилди
Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари учун ўтказилаётган очиқ танловлар таҳлили юзасидан навбатдаги брифинг ўтказилди. Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Аббос Акрамов иштирокидаги брифингда турли ОАВ вакиллари, жумладан теле, радио, интернет ва матбуот соҳасида фаолият юритаётган журналистлар иштирок этди.

⚡️Давлат органларидаги вакант лавозимлар очиқ танловларга қўйилмоқда
“Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони билан давлат фуқаролик хизматига киришда барча фуқароларга тенг имконият яратиш, давлат фуқаролик хизматини профессионал кадрлар билан тўлдириш, номзодларни саралаб олишнинг шаффоф тизимини яратиш энг муҳим вазифалардан бири қилиб белгиланди.
Шу мақсадда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz ишлаб чиқилди.
Бугунги кунга келиб портал орқали республиканинг 60 дан ортиқ вазирлик ва идоралари ҳамда барча туман (шаҳар) ҳокимликлардаги мавжуд вакант лавозимлар бўйича 41 687 та танлов эълон қилиниб, ушбу вакант лавозимларга жами 512 359 нафар номзод томонидан ҳужжат топширилди.
⚡️Вакант лавозимлар учун энг кўп очиқ танлов ўтказган давлат органлари маълум қилинди
Бугунга кунда энг кўп танлов Ёшлар ишлари агентлиги тизимида ўтказилган бўлиб, 14 564 тани ташкил қилади. Шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси тизимида 4 823 та, Халқ таълими вазирлиги тизимида 3 636 та, Молия вазирлиги тизимида 3 788 та танловлар ўтказилди.
Кадрларни танлов орқали ишга қабул қилишда ҳудудлар кесимида Фарғона вилояти(4 510) етакчилик қилмоқда. Шунингдек, Тошкент вилоятида 4 070 та, Самарқанд вилоятида 4 052 та, Андижон вилоятида 3 490 та вакант лавозимлар учун танлов эълон қилинди.
⚡️15 492 нафар малакали номзод давлат фуқаролик хизматига очиқ танлов орқали қабул қилинди
🔷 Якунига етган танловлар бўйича 15 492 нафар малакали номзод давлат фуқаролик хизмати лавозимларини эгаллашди.
Танлов ғолибларининг 7 102 нафари, яъни 46 фоизи 30 ёшгача бўлган, шунингдек, 1 100 нафари давлат хизматига биринчи маротаба қабул қилинганларни ташкил этади.
Портал фаолияти йўлга қўйилгандан буён ўрта ҳисобда 1 кунда 35-40 нафар давлат фуқаролик хизматчиси очиқ танлов орқали лавозимни эгалламоқда.
Барча танловларнинг тест ва суҳбат босқичларини интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб жорий этилган бўлиб, жараёнлар телеграм тармоғидаги @vacancyonline каналига бериб борилмоқда.
***
⚡️Брифинг давомида энг кўп берилган саволларга ҳам жавоб берилди
Савол: Вакант лавозим учун очиқ танлов қандай тартибда эълон қилинади?
Жавоб: Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Ягона миллий меҳнат тизими орқали ишдан бўшаган ходим расмийлаштирилгандан сўнг, ушбу лавозим вакант ўрин сифатида автоматик равишда давлат органи ёки ташкилотининг Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ порталидаги кабинетида кўринади.
Ташкилотнинг кадрлар бўлинмаси раҳбари махсус электрон калит ёрдамида кабинетга киради ҳамда вакант лавозим учун малака талаблари, лавозим мажбуриятлари, иш шароити ва белгиланган иш ҳақини қайд этади ҳамда ушбу маълумотларни сақлаш тугмасини босади. Шундан сўров автоматик равишда Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига келиб тушади, тўғри тўлдирилган вакант лавозим танлов учун эълон қилинади.
***
Савол: Танлов иштирокчиларининг аризаларини кўриб чиқиш тартиби қандай амалга оширилади? Ҳужжатларни малака талаблари бўйича ўрганишда Агентлик масъул ходими иштирок этадими?
Жавоб: Танлов иштирокчилари томонидан электрон шаклда юборилган ҳужжатлари давлат органлари ва ташкилотларида тузилган Танлов комиссия томонидан белгиланган малака талаблари асосида кўриб чиқилади, малака талабларига мос келган номзодларнинг шахсий кабинетларига ҳужжатларни қабул қилиш муддати тугаганидан сўнг 3 иш куни мобайнида тегишли жавоб юборилади. Шундан сўнг номзод танловнинг тест синови босқичига ўтказилади.
Ҳужжатларни малака талаблари бўйича ўрганишда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул вакиллари иштирок этмайди.
***
Савол: Танловни ташкил этиш ва ўтказишда комиссия томонидан белгиланган талаб ва қоидаларга риоя этмаслик ҳолатлари юз берганда Агентлик қандай чоралар кўриши мумкин?
Жавоб: Танловларни ташкил этиш ва ўтказишда белгиланган қоидага риоя этмаслик ҳолатлари, шунингдек, танлов комиссиясининг холис қарор қабул қилишига таъсир ўтказган ноқонуний хатти-ҳаракатлар аниқланган тақдирда, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан танлов натижаси тўлиқ ёки қисман бекор қилинади.
***
Савол: Тест синови қандай тартибда ташкил этилади ва саволлар қайси ташкилот томонидан тузилади?
Жавоб: Танловнинг тест синови номзоднинг ҳужжатлари малака талаблари бўйича ўрганиб чиқилгандан ҳамда ижобий хулоса унинг шахсий кабинетида кўрингандан сўнг 3 иш куни мобайнида ўтказилиши лозим. Тест синовида номзодга 40 та савол учун 50 дақиқа вақт тақдим этилади. Айни пайтда тест синовлари ҳудудларда марказлаштирилган ҳолда Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг филиаллари биносида ўтказилмоқда.
Тест синови жараёнлари интернет тармоғида реал вақт режимида эфирга узатилиши таъминланмоқда.
Тест синови 40 та саволдан иборат бўлиб, унинг 20 та саволи ташкилот томонидан тақдим этилса, қолган 20 таси Агентлик томонидан номзоднинг маънавий, сиёсий, ҳуқуқий ҳамда ахборот технологиялари бўйича билимларини синовдан ўтказишга мўлжалланган.