“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан муҳим таклифлар берилди
Қонун лойиҳаси юзасидан навбатдаги давра суҳбати Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан ташкил этилди

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Унда парламентнинг қуйи палата депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, қатор вазирлик масъул ходимлари, шу жумладан уларнинг кадрлар бўлинмалари раҳбарлари, Давлат бошқаруви академияси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети олимлари, экспертлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда қонун лойиҳасининг асосий мақсади, аҳамияти, уни қабул қилиш орқали давлат бошқаруви тизимида қандай янгиликлар кириб келиши, давлат органларига ишга кириш, фаолиятни тартибга солиш ва лавозимдан озод этишнинг ягона қоидаларини жорий этиш кўзда тутилгани ҳақида кенг маълумот берилди.
Қонун лойиҳаси нормалари фақат Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимларда фаолият юритаётган давлат фуқаролик хизматчиларига нисбатан қўлланилиши таъкидланди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат хизмати фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Зеро, давлат хизматига юксак интеллектуал салоҳият ва янгича тафаккурга эга, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва кўникмаларни ўзлаштирган, юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳозирги рақобатли меҳнат бозорида ғоят муҳимдир.
“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2021 йил 28 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисида муҳокама қилиниб, уни такомиллаштириш юзасидан билдирилган таклифлар инобатга олинган ҳолда биринчи ўқишда қабул қилинган эди.
Давра суҳбатида давлат фуқаролик хизматчиларнинг даромади ва мол-мулкини декларациялаш тизимини жорий этиш, давлат хизматида манфаатлар тўқнашувини олдини олиш, давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш каби қоидалар атрофлича кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳасида давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясига, ягона иш ҳақи тизими, рағбатлантириш ва жазо чоралари тартиби, ижтимоий таъминот, шунингдек, меҳнат қонунчилигига риоя этилишининг ҳуқуқий кафолатлари каби қоидалари муҳокама қилиниб, депутатларнинг бу борадаги бир қатор таклифлари асосли деб топилди.
Тадбирда депутатлар, эксперт ва олимлар томонидан қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш ва маромига етказиш бўйича қатор таклифлар, тавсиялар берилди.
Якунда билдирилган таклифларни қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш учун ташкил этилган Ишчи гуруҳ йиғилишида яна бир маротаба кўриб чиқишга келишиб олинди.