Ёш мутахассисларнинг лавозим маошига қўшимча устамалар тўлаб борилмоқда
Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги брифинги бўлиб ўтди. Унда хорижий олий таълим муассасаларини тамомлаган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига қўшимча устамалар тўлаш тартиби юзасидан Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Истиқболли кадрлар селекцияси бошқармаси масъул ходими Абдураҳмон Умаров маълумот берди.

Ёш мутахассисларнинг лавозим маошига қўшимча устамалар тўлаб борилмоқда. Маълумки, хориждаги нуфузли олий таълим муассасаларида таълим олаётган, илм-фан билан шуғулланаётган, етакчи компанияларда ишлаётган ҳамда юксак билим ва малакага эга бўлган Ўзбекистон ёшларининг Ватанимизга келиб ишлаши учун зарур шарт-шароит яратиш, уларга уй-жой ажратиш, муносиб маош тўлаш бўйича янги тизим жорий этилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 июлдаги «Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ – 6260-сонли Фармони эълон қилинди. Мазкур фармоннинг 5-бандида давлат органлари, ташкилот ва муассасаларида фаолият кўрсатаётган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасаларини (бакалавриат, магистратура) тамомлаган ёки уларда илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча устамалар тўлаб бориш тартиби жорий этилган.
Фармон билан белгиланган қўшимча устамалар Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, ёш мутахассис ва унинг иш берувчиси ўртасида имзоланган шартнома асосида ҳар ой тўлаб борилади. Шартнома 3 йилгача бўлган муддатга тузилади ва тўловлар иш берувчи томонидан амалга оширилади.Фармонга мувофиқ, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ойлик устамалар татбиқ этиладиган таълим йўналишлари, тор мутахассисликлар рўйхати, давлат органлари, ташкилот ва муассасалари рўйхати шакллантирилиб, Агентликнинг расмий веб-сайти — argos.uz га жойлаштирилди.
Хорижий олий таълим муассасаларини тамомлаган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига қўшимча устамалар миқдори белгиланган.
Мисол учун:
АҚШнинг Stanford University QS рейтингида 3-ўринда туради. Мазкур университетнинг бакалавр босқичини битирган ёш мутахассисга БҲМнинг 30 баробарида устама тўланади.
Россиянинг Миллий тадқиқот ядро университети QS рейтингида 319-ўринда туради. Мазкур университетнинг магистратура босқичини битирган ёш мутахассисга БҲМнинг 20 баробарида устама тўланади.
Буюк Британиянинг University of Dundee Таймс рейтингида 250-ўринда туради. Мазкур университетда докторлик даражасини олган мутахассисга БҲМнинг 60 баробарида устама тўланади.
Эслатиб ўтамиз, айни дамда БҲМнинг миқдори 270 минг сўмни ташкил этади.
Ёш мутахассисларга ойлик устамалар татбиқ этиладиган давлат органлари, ташкилот ва муассасалари рўйхати
Ёш мутахассисларнинг лавозим маошига қўшимча устамалар татбиқ этиладиган таълим йўналишлари ва тор мутахассисликлар рўйхати
Ёш мутахассиснинг лавозим маошига қўшимча устамаларни тўлаш тўғрисида намунавий шартнома шакли
Нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасалари рўйхати
Маълумот ўрнида, Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World University — халқаро эътироф этилган рейтинг берувчи ташкилотлар ҳисобланади.
Брифингда янги тартиб юзасидан ёш давлат хизматчилари томонидан энг кўп берилган саволларга жавоб ҳам берилди
САВОЛ: Мен юқори 500 талик рўйхатга киритилган хорижий олий таълим муассасасини 2019 йилда битириб келганман. Менга устамалар татбиқ этиладими?
ЖАВОБ: Фармоннинг 1-иловаси изоҳ қисмида қўшимча устамалар 2021 йил ва келгуси йилларда тамомлаган ёш мутахассисга нисбатан татбиқ этилиши белгиланган.
САВОЛ: Устамаларни олиш учун ёш мутахассисларга қўйилган ёш чегараси ва ихтисосликка қўйилган талаблар борми?
ЖАВОБ: Фармоннинг 1-иловаси изоҳ қисмида ёш мутахассис қўшимча устамаларнинг биттасидан, ўттиз ёшдан ошмагунга қадар фойдаланиши мумкинлиги белгиланган.Эслатиб ўтамиз, ҳужжатлар Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига электрон шаклда тақдим этилади.
Ҳурматли давлат хизматчилари, ёш мутахассислар!
Ушбу имтиёз бўйича саволларингиз бўлса, info@argos.uz электрон почта манзилига юборишингиз мумкин.
Тез орада мутахассисларимиз томонидан сизга жавоб берилади.
Имкониятдан фойдаланинг!