Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда маъқулланди ва Сенатга юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси Президентимизнинг давлат бошқарувида мутлақо янги, самарали ва сифатли кадрлар тизимини яратишга қаратилган — “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Ушбу ҳужжат Қонунчилик палатасининг 2021 йил 28 декабрда бўлиб ўтган мажлисида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинган эди.
Ўтган вақт мобайнида қонун лойиҳасидаги нормалар олимлар, мутахассислар, соҳа экспертлари ҳамда фуқаролар томонидан билдирилган таклифлар асосида такомиллаштирилиб, маромига етказилди.
Лойиҳада давлат фуқаролик хизматига кириш тартиби ва шартлари, давлат фуқаролик хизматини ўташ тартиби, давлат фуқаролик хизматини тугатиш асослари назарда тутилмоқда. Шунингдек, давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг гуруҳлари, туркумлари, тоифалари ва малака даражалари, давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасида шунингдек, давлат фуқаролик хизматчиларининг даромади ва мол-мулкини декларациялаш тизимини жорий қилиш, коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул килинмаслиги ҳам ўз аксини топган.
Қизғин муҳокамалардан сўнг, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда маъқулланди ва Сенатга юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди.