“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун – соҳадаги муносабатларни тартибга солишда муҳим қадамдир

15:40 - 2 март 2022 Янгиликлар
4896

Ҳозирги кунда тараққий топган давлатларнинг барча соҳа ва тармоқларидаги ривожланишлар ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларда бевосита кадрлар салоҳияти муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам кадрлар институционал базасини талаб даражасида яратиш ҳамда шакллантириш кўп мамлакатларда долзарб масалага айланган. Албатта, бу каби кадрларни жамлаш ва улар салоҳиятидан унумли фойдаланиш аниқ механизм ва ҳуқуқий асос талаб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев илк бор 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлис олдида қилган Мурожаатномасида бу борадаги масалага алоҳида урғу бериб ўтган. Хусусан, давлатимиз раҳбари бугун ҳаётнинг ўзи биздан профессионал, тезкор ва самарали давлат хизмати тизимини шакллантириш, янгича фикрлайдиган, ташаббускор, эл-юртга садоқатли кадрларга кенг йўл очиш бўйича самарали тизим ишлаб чиқишни талаб этаётгани қайд этилган эди.  Чиндан ҳам жамиятда кадрлар тизими механизмини тўғри ташкил қилиш, уни йўлга қўйиш муҳим масала бўлиб, бу борадаги ишлар давлатнинг асосий ташкилий йўналишларидан бири ҳисобланади. Ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, бу каби ишлар қонун ҳужжатлари билан тартибга солинган.

Мамлакатимизда давлат фуқаролик хизматини ислоҳ қилиш, бу қонунларга қатъий риоя этадиган, инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари устунлигини тан олган ҳолда оммавий (жамият, фуқаро) манфаатларни кўзлаб давлатнинг вазифалари, функцияларини амалга оширадиган, юқори малакали профессионал давлат хизматчилари корпусини шакллантиришни назарда тутади.

Ҳар қандай давлатни бошқарув аппаратисиз тасаввур этиб бўлмайди, давлат бошқаруви аппарати эса, давлат фуқаролик хизмати тизимига муҳтож бўлади. Шу сабабли давлат бошқаруви аппаратида олиб бориладиган ислоҳотлар, биринчи навбатда, давлат фуқаролик хизматининг тўғри ташкил этилиши ва самарали амалга оширилишини талаб этади. Ҳуқуқий мустаҳкамланган, шаффоф ва замон талабига мос равишда ташкил этилган давлат фуқаролик хизмати мамлакат аҳолисида унга нисбатан ижобий тасаввурларни шакллантиради. Давлат номидан фаолият олиб бораётган хизматчига қараб давлатга ёки давлат бошқаруви аппаратига баҳо берилади. Шу сабабли, ҳар бир мамлакатда давлат фуқаролик хизматининг қандай шакллангани, яъни ташкилий-ҳуқуқий асослари жуда муҳим аҳамиятга эгадир.

Хусусан, МДҲ мамлакатлари, Сингапур, Япония, Жанубий Корея ва Европа тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун яхлитлигича давлат аппаратининг асосий принциплари, шаклланиш ва фаолият юритиш механизмларини ўзида акс эттирган давлат бошқарувининг асосий ҳужжатларидан бири саналади.

Давлат фуқаролик хизматининг тўғри ташкил этилиши давлатда қабул қилинадиган қонун ҳужжатларига ҳам боғлиқдир. Чунки, давлат фуқаролик хизматидаги муносабатларнинг қанчалик мукаммал ҳуқуқий тартибга солинганлик даражаси унинг мазмуни ва амалдаги ҳолати ҳамда самарали такомиллашиш тенденцияларини белгилаб беради.

Юртимизда ҳам барча соҳалар қатори давлат фуқаролик хизматини тартибга солиш ва уни ривожлантириш борасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев ташаббуси билан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев 2017 йил 22 декабрь куни Парламентга қилган Мурожаатномасида бу борадаги масалага алоҳида тўхталиб, “Бугунги кунда жамият ҳаётидаги мавжуд муаммоларни самарали ечиш, кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттириш зарурати давлат бошқаруви соҳасида мутлақо янги тизим яратишни тақозо этмоқда. Ўйлайманки, бунинг учун “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вақти келди”, – деб таъкидлагани бу соҳадаги ислоҳотларнинг илк қадами бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Шундан сўнг, мамлакат Президентининг мазкур ташаббуслари билан юртимизда давлат фуқаролик хизматини ҳуқуқий асосини ишлаб чиқиш ва уни ривожлантиришга масъул органни ташкил этиш юзасидан пухта ўйланган, чуқур таҳлил ва ўрганишларни ўзида акс этган ишлар олиб борилди.

Натижада, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2019 йил 3 октябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.

Шунингдек, хорижий мамлакатларнинг муваффақиятли тажрибалари кенг ўрганилиб, навбатдаги муҳим қадам давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу эса давлат фуқаролик хизмати соҳасини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилаётганини намоён этади.

Юқорида айтиб ўтилганидек, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиш жараёнида кўплаб хорижий мамлакатларнинг тажрибалари ўрганилди. Хусусан, АҚШ, Буюк Британия, Россия Федерацияси, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон Республикалари, Украина, Германия Федератив Республикаси, Япония ва яна бир қатор давлатларнинг норматив ҳужжатлари пухта таҳлил қилинди.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, улар билан доимий ишлаш, малакасини ошириб бориш, малакали ва масъулиятли мутахассислар захирасини шакллантириш масалалари ҳар қандай давлат олдида турган устувор вазифалардан ҳисобланади. “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси эса бу борадаги ишларнинг ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилиш билан бирга, давлат фуқаролик хизмати ва инсон ресурсларини ривожлантириш борасидаги ишларда йўл кўрсатувчи “компас” бўлиб хизмат қилади.

Чунки қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2019 йил 3 октябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида санаб ўтилган муаммоларнинг барчасига ечим бўлувчи нормалар киритилган.

Хусусан, қонун лойиҳасида кадрларни очиқ мустақил танлов асосида саралаб олиш, меритократия ва мартаба даражаси тушунчаларининг киритилиши белгиланмоқда. Бу эса, энг муносиб ва қобилиятли шахсларни адолатли ҳамда объектив баҳолаш орқали давлат фуқаролик хизматига қабул қилинишини таъминлайди.

Албатта, бу ўринда давлат фуқаролик хизматининг нуфузи мазкур хизматда тўғри ишлаётган, ўзини ишга бахшида қилган ва масъулиятни бўйнига олишдан қўрқмайдиган малакали кадрларнинг сони, машаққатли меҳнати, натижадорлиги, қатъиятлилиги ва ўзига бўлган ишончи туфайли ҳурмат, обрў-эътибор қозонган инсонларга ҳам боғлиқдир.

Қонун лойиҳасида давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини амалга оширишнинг асосий тамойиллари, давлат фуқаролик хизматчилари таркибини шакллантириш, танлов ўтказиш, фаолиятини мониторинг қилиш, хизматдан бўшатиш масалалари, давлат фуқаролик хизматчиларининг ижтимоий ва пенсия таъминотини ҳисобга олган ҳолда, ҳалол ва фидокорона хизматни моддий ҳамда номоддий шаклда рағбатлантириш механизмлари, шунингдек, хизмат этикаси ва коррупцияга қарши кураш масалалари тартибга солинган.

Хулоса қилиб айтганда, Қонун лойиҳаси билан давлат ҳокимиятининг вазифалари ва функцияларининг амалга оширилишида давлат фуқаролик хизматининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш – давлат фуқаролик хизматчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қўшимча кафолатлар яратади ҳамда уларнинг масъулиятини янада оширади.

 

Ғолибжон АБДУАЗИЗОВ,
Агентликнинг Давлат хизматчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва улар учун шарт- шароитлар яратиш масалалари департаменти бош инспектори

Чоп этиш