Салоҳиятли ёш кадрлар раҳбарлик лавозимларига тавсия этилади
Бугун Давлат бошқаруви академиясида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Академия ҳамкорлигида “Келажак лидерлари” махсус малака ошириш дастурининг 2-мавсуми очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари, масъул вакиллари, ўрта бўғин бошқарув кадрлари ва мутахассислари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Очилиш маросимида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Хасанов ҳам иштирок этиб, давлатимиз раҳбари бошчилигида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталди.
Халқчил давлат хизматини кўрсатишда ёш давлат хизматчиларининг ўрни ҳақида алоҳида фикр билдирди. Ёш кадрларни давлат хизматига босқичма-босқич тайёрлаш жараёнлари, соҳада эришилган қатор натижалар, шунингдек олдинда турган долзарб вазифалар ҳақида тингловчилар билан суҳбатлашди. Давлат фуқаролик хизматини ривожлантиришда ёш давлат хизматчиларининг таклиф ва ташаббуслари, креатив фикрлари муҳим эканлигини билдирди.
Таъкидлаш керакки, истиқболли ёшларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш мақсадида “Келажак лидерлари” махсус интенсив малака ошириш дастурининг биринчи мавсуми 2021 йилнинг февраль-апрель ойларида ташкил этилган эди. Дастур муваффақиятли якунланиб, битирувчилар қатор раҳбарлик лавозимларига тавсия этилди ҳамда Миллий кадрлар захирасига киритилди.
Халқчил янги авлод кадрлар захирасини шакллантириш, истиқболли ёш давлат хизматчиларида раҳбарлик кўникмаларини шакллантириш ва кейинчалик уларни раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш мақсадида “Келажак лидерлари” махсус малака ошириш дастурининг 2-мавсуми учун ўрта бўғин бошқарув кадрлари ва мутахассислари саралаб олинди.
Республикамизнинг 94 та давлат органи ва ташкилотларидан тавсия этилган ҳамда Агентлик томонидан ташкил этилган телеграм-бот орқали ариза топширган, 25 ёшдан 35 ёшгача бўлган 1 862 нафар давлат хизматида фаолият юритаётган ўрта бўғин бошқарув кадрлари ва мутахассислари орасидан тизимли муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш кўникмасига эга, стратегик фикрловчи, кенг қамровли ислоҳотлар ва имкониятларни олдиндан кўра оладиган 54 нафар ёшлар танлаб олинди.
Саралаш ишлари давомида шахсий маълумотномани баҳолаш тизими орқали 294 нафар номзод, давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули ёрдамида тест синови орқали 194 номзод саралаб олинди. Агентлик ходимлари томонидан амалга оширилган суҳбат-ассессмент босқичи якунларига кўра 54 нафар (19% тингловчилар хотин-қизларни ташкил этади) ёш кадрларнинг номзоди дастур тингловчилигига қабул қилишга тавсия этилди.
“Келажак лидерлари” махсус малака ошириш дастурининг навбатдаги мавсуми 24 март - 26 май кунлари Давлат бошқаруви академиясида ташкил этилди. Дастур тўрт босқичда: аудиторияда назарий, стажировка-дублёрлик, маҳаллада амалиёт, маҳаллий ва хорижий стажировка асосида бўлади. Шу билан биргаликда, Давлат бошқаруви ва маҳаллий бошқарув йўналишларига ажратилган ҳолда ўтказилиши ҳамда тингловчилар икки ҳафта давомида маҳалла раислари дублёри, ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчилари, маҳалладаги ёшлар етакчилари сифатида амалий ишга жалб этилади.
Дастурнинг устуворлиги шундаки, тингловчилар профессор-ўқитувчилар ва ўз соҳасининг етук мутахассисларидан билим олишлари, соҳалари бўйича юзага келаётган қийинчиликларни ечимини биргаликда топишлари мумкин. Энг аҳамиятли жиҳати, тингловчилар 14 та ҳудуд, турли хил соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан тажриба алмашиш ҳамда мавжуд муаммолар юзасидан таклиф билдириш имкониятига эга бўлишади.
Дастур давомида тингловчилар давлат фуқаролик хизмати ҳуқуқий асослари ва кадрлар сиёсати, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, глобал бошқарув ва жаҳон сиёсати ва бошқа долзарб мавзуларда билим ва кўникмаларини оширишади. Маҳаллалардаги амалиёт ҳамда хорижий стажировка интенсив тарзда эгаллаган билимларини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Якуний натижа сифатида ўқув дастури босқичлари талабларини муваффақиятли бажарган, мақсадли битирув лойиҳа тақдимотини намунали амалга оширган тингловчиларга белгиланган шаклда Сертификат топширилади.
Жараёндан фотожамланма