Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси масъул ходимларининг малакасини ошириш мақсадида онлайн ўқув ташкил этилди
Бугун Zoom платформаси орқали Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари таркиби, туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарлари – оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари учун онлайн семинар ташкил этилди.

Президент Администрацияси, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат бошқаруви академияси, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳамкорлигидаги ўқув Қўмита фаолиятини ривожлантириш, тизимда ишни тўғри ва самарали ташкил этиш, жойларда хотин-қизлар соҳасидаги муаммоларни ечиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан тайинланган масъул ходимларнинг кўникма ва малакаларини ошириш мақсадида ташкил этилди.
Унда Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қ.Куранбаев, Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси З.Махкамова, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари О.Хасанов, Давлат бошқаруви академияси ректори А.Бекмуродов ҳамда ОАВ ходимлари ҳам иштирок этди.
Семинар аввалида иштирокчи хотин-қизлар масъулиятли вазифаларда ўз фаолиятини бошлагани билан қутланди. Шундан сўнг, Президентимизнинг 2022 йил 1 мартдаги “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар, амалга ошириш зарур бўлган масалалар хусусида сўз юритилди.
– Ўқув давомида иштирокчиларга маҳалладаги хотин-қизлар фаолларини танлаш, саралаш ва фаолияти самарадорлигини баҳолаш (KPI)тизими, Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар, оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида маълумот берилди, – дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги департамент мудири Б.Алимов. – Шунингдек, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари, маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари лавозимига очиқ танловлар ўтказиш амалиёти таҳлили юзасидан тақдимотлар қилинди, иштирокчилар учун зарурий билим ва кўникмалар берилди.
— Ушбу ўқув айни вақтида ташкил этилди. Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, олдимизда турган вазифалар мазмун-моҳияти халқчил тилда етказилди. Амалий машғулотларда эса соҳада учраётган муаммолар турли кейслар асосида, таҳлиллар билан тушунтириб берилди, — дейди Самарқанд тумани ҳокими ўринбосари-оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи М.Баратова. — Ҳудудимиздаги хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, оғирини енгил қилиш, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласида муҳим маълумотларга эга бўлдик. Шароит ва имкониятларимиз етарли, мақсадимиз аниқ. Эндиги вазифамиз эса берилган ишончни оқлаб, хотин-қизларимизнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг жамиятимизда бахтли ва фаровон яшашини таъминлашдир.