Малака ошириш ўқув-семинарларининг биринчи босқичи ўз ниҳоясига етди

19:27 - 7 феврал 2020 Янгиликлар
706

Жорий йилнинг 6 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари ва шаҳар-туман ҳокимлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ташкил этилган малака ошириш ўқув-семинарининг биринчи босқичи якунланди.

Андижон, Наманган, Фарғона, Навоий, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан келган ҳоким ўринбосарлари ва шаҳар-туман ҳокимлари иштирокида ўтган мазкур 10 кунлик ўқув-семинарларида тингловчилар Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган ҳаракатлар стратегиясидаги бешта муҳим йўналишлар бўйича ҳам назарий, ҳам амалий билим ва тажрибаларини оширдилар.


Аввал хабар берганимиздек, мазкур ўқув-семинарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчилари, уларнинг ўринбосарлари, Олий Мажлис Сенати раиси, Қонунчилик палатаси спикери, Ҳукумат вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Конституциявий суди раислари ҳамда вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтди.


Ўқув-семинарлари сўнггида тингловчилар ўзлаштирган билим ва тажрибаларини синовдан ўтказиб, тест топширдилар. Мазкур тест натижалари тингловиларга сертификатлар топшириш маросимида эълон қилинди.


Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Шерзод Кудбиев иштирокида бўлиб ўтди.


Унда Ш.Кудбиев сўзга чиқиб, биринчи босқичда иштирок этган тингловчиларнинг ишларига улкан муваффақиятлар тилаш билан бирга, юртимизда кадрлар сиёсатида юз бераётган ўзгаришлар, янгиланишлар, ривожланишлар ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти раҳбарлари олдига қўйилаётган янгича иш услублари ҳақида тўхталиб ўтди.


Шундан сўнг, Президент маслаҳатчиси Ш.Кудбиев иштирокида малака ошириш ўқув-семинарларининг биринчи босқични муваффақиятли тамомлаган барча тингловчиларга сертификатлар топширилди.


Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 7 февралидан малака ошириш ўқув-семинарининг иккинчи босқичи ўз ишини бошлади.


Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Ахборот хизмати

Чоп этиш