Миллий кадрлар захираси нима? Уни шакллантириш ва фаолият юритиш тартиби қандай?
Миллий кадрлар захираси – бу малакали кадрлар тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олган, давлат фуқаролик хизмати раҳбарлик лавозимларининг малакали кадрлар билан тўлдирилишини таъминлайдиган маълумотлар базасидир.

Миллий кадрлар захираси давлат секторида раҳбар кадрлар таркибини барқарор таъминлаш ва унинг сифатини яхшилаш, давлат хизматчисининг касбий билимини ошириш ҳамда хизматда лавозими бўйича кўтариш мақсадида шакллантирилади. Миллий кадрлар захираси тенглик, рақобатлилик, ихтиёрийлик, шаффофлик, холислик ва очиқлик тамойиллари асосида шакллантирилади ва юритилади.
Миллий кадрлар захирасини шакллантириш ва юритиш Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти билан биргаликда амалга оширилади.
Бугунги кунда ушбу йўналишда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан илғор хорижий тажриба ва миллий амалиёт уйғунлиги асосида қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Жанубий Корея, Япония каби давлатларнинг тажрибасидан келиб чиқиб, “Давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот-таҳлил тизими” дастурий-аппарат комплекси ишлаб чиқилиб, кадрларни саралаб олишнинг замонавий усуллари амалиётга тадбиқ этилмоқда.
Юқорида қайд қилинган электрон тизим орқали Миллий кадрлар захираси юритилади ва бошқарилади. Захирага олинган шахс ҳақида тўлиқ маълумотлар, унинг досьесидан тортиб баҳолаш натижаларигача ушбу электрон тизимдан ўрин олган.
Номзодларнинг билими, психологик хусусияти ва раҳбарлик кўникмасини аниқлаш мақсадида уларнинг салоҳияти ўрганилади. Номзоднинг салоҳиятини баҳолаш тест синовлари, психометрик тестлар, “360 даража” ўрганиш ва ассессмент усулларини ўз ичига олади.
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Давлат бошқаруви академияси ва юртимизнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда захирага олинган шахслар учун махсус ўқувлар ташкил этилади. Ўқишлар вебинар (маъруза), амалий машғулот ва семинар-тренинг шаклида ташкил этилади. Иштирокчилар ҳудуддаги раҳбарларга бириктирилади ва дублёрлик асосида стажировка ўтайди.
Шунингдек, Миллий кадрлар захирасига киритилган шахсларнинг раҳбарлик кўникмаларини янада ривожлантириш ҳамда амалий тажрибасини ошириш мақсадида уларни ротация қилиш бўйича таклифлар Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилиши кўзда тутилмоқда.
Илҳом Қурбонов,
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги департаменти мудири