Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида” Қонуни сенаторлар томонидан маъқулланди
Сенатнинг йигирма олтинчи ялпи мажлисида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат хизмати фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, давлат идоралари ходимлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ҳамда уларни ижтимоий таъминлашнинг замонавий тизимини яратиш бўйича сезиларли чоралар кўрилмоқда.
Ушбу ишларнинг мантиқий давоми сифатида мазкур Қонун ишлаб чиқилган бўлиб, у давлат фуқаролик хизматини, шу жумладан, номзодларни очиқ мустақил танлов орқали саралаб олиш жараёнини комплекс ҳуқуқий тартибга солишни таъминлайди.
Шунингдек, ушбу ҳужжат давлат фуқаролик хизматчиларининг иш самарадорлиги ва компетенциясини баҳоловчи мезонлар, уларнинг малакасини оширишга бўлган талабларни белгилашда тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи қонун ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 28 май куни бўлиб ўтган йигирма олтинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида” Қонуни сенаторлар томонидан маъқулланди.
Қонун билан давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият идораларида меҳнат қилаётган 100 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти, уларнинг мақоми ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, давлат фуқаролик хизматига кириш ҳамда ушбу тизимда коррупция ва манфаатлар тўқнашувини олдини олишга оид муносабатлар тартибга солинган.
Ваколатли орган этиб — Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги белгиланди.
Шу билан бирга, Қонунда халққа хизмат қилиш давлат фуқаролик хизматининг асосий принципларидан бири этиб белгиланмоқда.
Таъкидланганидек, мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида давлат хизмати соҳасини тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари яратилади. Давлат хизматчиларининг тоифаси, мақоми, малака даражаси, уларга қўшимча ҳақ тўлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда уларнинг масъулиятини ҳам янада оширишга хизмат қилади.
Муҳокама қилинган Қонун нормалари фақатгина давлат реестрига киритиладиган лавозимларда фаолият юритаётган давлат хизматчиларига нисбатан татбиқ этилади.
Бундан ташқари, давлат фуқаролик хизматини тартибга солишда давлат органларининг асосий ваколатлари белгиланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа ваколатли давлат органларининг давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлари аниқ кўрсатиб ўтилган.
Қонун билан давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда, яъни давлат хизматчиларининг фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (КPI) асосида баҳоланиши қатъий белгиланмоқда. Коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмайди.