Давлат бошқарувида самарадорлик менежменти: мақсадлар ўлчовга эга

12:21 - 22 ноябр 2022 Янгиликлар
2094

Асосий саволлар бошланма ўрнида Мақсад, вазифа ва функциялар белгиланган бўлса, қўйилган мақсадга эришилганлиги ёки аксинча эришилмаганлигини, унинг натижадорлигини аниқлаш керакми? Ёхуд самарадорлик нима учун ўлчанади?

Табиийки, бу каби саволлар давлат ташкилотлари фаолиятини баҳолашда пайдо бўлади. Зеро, ҳамма кўрсаткичлар ҳам самарадорликка боғланмаган, барча кўрсаткичлар ҳам муҳим ҳисобланмайди.

Чунки, давлат ташкилотининг мақсади асосидаги функция ва вазифаларини ҳар доим ҳам ўлчашни имкони мавжуд эмас. Яъни, улар миқдорга эмас, балки оддий сифат кўрсаткичи бўлиши ҳам мумкин. Шу билан бирга, айтарлик барча прогнозлар – шакллантириладиган статистик маълумотлар давлат ташкилоти ихтиёрида.

Бунда яна белгиланадиган кўрсаткичлар мақсадга ва вазифага ҳам боғлиқ бўлмаса, аксил натижа қайд этилиши мумкин. Шу сабабли, давлат бошқарувида энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (ЭМСК) асосида баҳолаш миллий шароитларга тўғри келадиган аниқ бир интеллектуаль модель ёки бошқача килиб айтганда – схемага асосланган ҳолда ривожланиб бориши зарур.

Шу ўринда, самарадорлик менежменти ёки бошқаруви асосида давлат ташкилоти ўз олдига миссия, стратегия, мақсадлар (узоқ, ўрта, яқин истиқбол асосидаги эришиладиган кўрсаткичлар)ни аниқ қўя олиши орқали самарадорлик баҳоланиши бўйича тизим жорий этиши ва ундан фойдаланиши мумкин.

Албатта, бунда зарурий маълумотларни тўплашга имконият яратилган бўлиши, миқдорий – статистик кўрсаткичларни таҳлил қилиш кўникмалари мавжуд бўлиши ҳамда натижаларга кўра ташкилотни ислоҳ килиш, ходимларни рағбатлантириш, уларга нисбатан таъсир чоралари қўллаш каби қарорлар қабул қилиниши учун қонун-қоидалар белгиланади.

Қуйидаги жадвалда эҳтимолий самарадорлик менежменти тизими ҳақида тушунчага эга бўлиш мумкин.

Хўш, ЭМСК нима? Давлат бошқарувида нега муҳим?

ЭМСК деганда давлат ташкилотлари томонидан функционал мажбуриятлар ҳамда топшириқлар ижро этилишининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш учун қўлланиладиган ва миқдоран ўлчаш мумкин бўлган баҳолаш индикатори тушунилади.

Тарихан илк бора XX асрнинг бошларида бизнес субъектларида ходимларнинг самарадорлигини баҳолаш бошланди. У одатда қилинган харажатларнинг оқланаётганлигини билиш мақсадида ишлатилиб, кейинчалик бу тизим 1990 йилга келиб Роберт Каплан ҳамда Давид Нортон томонидан хусусий компанияларнинг ривожланишини мониторинг қилиб бориш учун Баланслашган кўрсаткичлар тизимига (Balanced Scorecard) асос солинишига олиб келди. Айнан шу инновация натижасида ЭМСК пайдо бўлиб, индивидуал тартибда, алоҳида ходимларнинг самарадорлиги кўрсаткичларини корхона, ташкилотнинг мақсад ҳамда вазифаларига боғлаш бошлади.

Шу аснода, ўтган асрнинг 80-90 йилларида шаклланган янги давлат менежменти (New Public Management) тенденцияси айтиб айтиб ўтилган “хусусий сектор тажрибаси”ни ўзига қабул қилиб олди.

Таъкидлаш жоизки, ЭМСК ёки KPI (key performance indicators) пайдо бўлган хусусий секторда самарадорлик кўрсаткичларини қўллаш – қилинган харажатлар, фойда ва зарарнинг миқдорини аниқлаш, шубҳасиз, давлат ташкилотларига нисбатан бирмунча осонроқ, бироқ унинг фойдали хусусиятлари кўплиги давлат секторида қўллашга олиб келди. ЭМСКни белгилаш маълум бир қонуниятларга асосланади.

Мисолларга юзланайлик, масалан, туман (шаҳар) ҳокимларининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – бўлим бошлиғининг асосий вафзифаларидан бири – бу республика бюджетига прогноз тушумини таъминлаш бўлса, унга нисбатан ЭМСК, унинг ўлчов бирлиги, вазн миқдори ҳамда масъул ташкилот (Солиқ қўмитаси) томонидан ўрнатиладиган мезон белгиланади. Буни биз қуйидаги кичик жадвалда кўришимиз мумкин.

Демак, ЭМСК стратегик режалаштириш нуқтаи назаридан қаралганда аҳамиятли мезонлар, кўрсаткичлар орқали самарали баҳолаш тизими яратилишида, нафақат яқин ва ўрта истиқболдаги, балки узоқ прогнозларни қамраб олувчи мақсадларга эришиш имкони беради. 

Энг асосийси, ЭМСК давлат ташкилотлари раҳбарлари учун мақсад, вазифа
ва функциялардан келиб чиққан ҳолда белгиланган прогнозларга эришилганлиги ёки эришилмаганлиги натижасини кўрсатиб берибгина қолмай, жамоатчилик билан алоқаларни кенгайтириш, идоралараро ижобий тажрибаларни улашишга ҳам ёрдам беради.

Иккинчидан, давлат бошқаруви органлари самарадорлиги натижадорлик – кутилган натижага эришиш даражаси, сифатни баҳолаш – бошқарув объектининг сифат кўрсаткичлари асосидаги мувофиқлиги, самарадорлик баҳоланиши – қўйилган вазифа ва мақсадларга эришилганликни ўлчаш имкониятини тақдим этади.

Учинчидан, аҳоли ва хусусий сектор учун қулай шарт-шароитларни вужудга келтириш, давлат хизматлари сифатини кўтариш, давлат сарф-харажатларини камайтириш каби асосий мақсадли йўналишларда давлат бошқаруви органлари  фаолиятида ижтимоий ёки иқтисодий эффект яратилади.

Тўртинчидан, ушбу тизим аниқ мақсадларни қўйиш, унинг индикаторларини аниқлаш, унга эришиш жараёни таҳлили ва давлат сиёсатини амалга ошириш натижаларини кузатишни таъминловчи мониторинг ва баҳолаш, натижалар асосида қарорлар қабул қилиш – стратегик менежментнинг бир босқичи сифатида баҳоланишини ҳам инобатга олиши муҳим.

Шунингдек, ЭМСКнинг яна қандай ижобий хусусиятлари мавжуд?

Давлат бошқаруви органлари  учун самарадорлик кўрсаткичлари қуйидаги фойдали хусусиятларга эга:

  • ташкилотнинг самарали ишлаётганлиги ёки кучли ва кучсиз тарафларини баҳолаш;
  • ташкилотнинг ўзини тушуниши орқали мақсад ва устувор йўналишларни белгилаш;
  • давлат дастурларини бошқариш ва уларнинг самарали ишлашига шароит яратиш;
  • очиқлик ҳамда ҳисобдорлик асосида самарадорлик натижаларининг жамоатчиликка тақдим қилиниши ва унинг муҳокама этилиши;
  • давлатга нисбатан ишончнинг ошиши;
  • халқаро рейтингларга ижобий таъсир ва ҳоказо. 

Чет эл давлатлари – Корея, Япония, ЯҚШ, Сингапур, Буюк Британиянинг илғор тажрибаси таҳлил қилинганда давлат бошқарувини баҳолаш юзасидан бир қанча умумий жиҳатлар аниқланди. Хусусан, давлат бошқарувини баҳолаш бўйича алоҳида қонунчилик шаклланган, соҳа юзасидан махсус давлат органлари мавжуд, самарадорлик ЭМСК асосида баҳоланади.

Ўз навбатида халқаро ташкилотлар ҳамда олимлар томонидан ўтказилган тадқиқотларга мувофиқ, давлат органлари фунция ва вазифаларини бевосита амалга оширувчи давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти самарадорлигининг баҳоланиши ва мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий
ва институционал ривожланиши ўртасида бевосита ижобий боғланиш мавжуд.

Масалан,  келтириб ўтилган концептуал таъкид – фикрнинг тасдиғи сифатида Жаҳон банки бошқарув самарадорлиги индикаторлари таснифига эътибор беришнинг ўзи кифоя қилади. Булар қаторига “ҳукумат самарадорлиги” каби индекс кириши диққатга сазовор. Шунингдек, БМТ Тараққиёт Дастури ҳомийлигида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, инсонлар
турмуш-тарзи фаровонлиги ҳар томонлама давлат бошқаруви институтлари сифатига узвий боғланган.

Ўз моҳиятида илмий асосларга таянган ЭМСКни Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига (ИҲТТ) аъзо бўлган аксарият мамлакатларда жорий этилганлигини қуйидаги диаграммада кўриш мумкин.

Яна бир муҳим жиҳат – турли мақсадларга йўналганлик

Давлат бошқарувида самарадорликни кенг жорий этиш кўп жиҳатдан давлат ташкилотларини ОАВ ҳамда жамоатчиликка нисбатан ҳисобдорлигини оширишга қаратилган ҳаракатлар натижасида вужудга келган бўлса-да, иккинчи томондан эса давлат хизматчиларининг ўз фаолиятларида натижадорликка интилиши ва унинг самарасини кўришга ҳаракат қилишига ҳам бевосита боғлиқ.

Модомики, самарадорликни баҳолаш керакли стратегик режалаштириш ҳамда аҳамиятли мезонларда амалга оширилса, кўрсаткичлар давлат ташкилотлари фаолиятида қуйидаги каби аниқ вазифаларни бажариш учун кучли восита бўлиб хизмат қилиши мумкин:

  • самарадорликни яхшилаш ва бошқариш;
  • мониторинг, давлат сиёсатини белгилаш, баҳолаш ва ислоҳ қилиш;
  • қиёсий бенчмаркинг;
  • стратегик қарорлар қабул қилишда кўпроқ маълумотга эга бўлиш;
  • лойиҳалар, дастурлар бошқаруви;
  • стратегик режалаштириш;
  • ресурсларни тақсимлаш;
  • сифатни яхшилаш;
  • самарадорлик шартномаларини жорий этиш;
  • жамоатчилик хабардорлиги;
  • давлат хизматлари кўрсатилиши самарасини баҳолаш;
  • рағбатлантириш ва хатоларнинг такрорланмаслиги учун чора-тадбирларни белгилаш.

ЭМСК  қандай талабларга жавоб бериши керак?

ЭМСК ташкилотнинг мақсад ва вазифаларига мос ҳолда яратилиши керак. Бунда, самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш стратегик режалаштириш орқали давлат ташкилотининг вазифа ва функцияларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Бу каби режалаштириш давлат ташкилотининг мақсади, миссияси, вазифалари ва функциялари ҳамда прогноз қилинадиган натижа ўртасида аниқ муносабатларни кўрсатиб беради. Қуйидаги расмда ЭМСК қандай талабларга жавоб беришини кўриш мумкин.

Миллий самарадорлик менежменти

Кейинги йилларда янги давлат бошқарувига хос бўлган самарадорлик менежменти бошқа инновациялар қаторида миллий давлат хизматига ҳам кириб бормоқда.

Бунга яққол мисол сифатида 2020 йилда синов тариқасида республиканинг 12 та туман (шаҳар)ларида, 2021 йилдан эса барча туман (шаҳар)ларда ҳоким ўринбосарлари фаолиятини 64 та ЭМСК асосида баҳолаб бориш тизими жорий этилганини қайд этиш жоиз.

2022 йил 8 август куни қабул қилинган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 36-моддасига асосан давлат фуқаролик хизматчисини рағбатлантириш ҳамда холисона ва адолатли мезонлар асосида хизматда лавозим бўйича кўтарилишини таъминлаш учун унинг фаолияти самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш тизими жорий этилади. Давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш услубияти махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.

Шу мақсадда, Агентлик томонидан тайёрланган “Давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш услубияти” лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинди. Ҳужжат билан давлат фуқаролик хизматчисини рағбатлантириш, холисона ва адолатли мезонлар асосида хизматда лавозим бўйича кўтарилишини таъминлаш мақсадида унинг фаолияти самарадорлигини ЭМСК асосида баҳолаш тартиби белгиланади. 

Яқин истиқболда амалиёт ва илғор хорижий тажрибага асосланиб, миллий шароитларда самарадорлик менежментини тўлақонли йўлга қўйиш давлат хизматчиларининг бутун иерархияси бўйлаб жорий этилади ҳамда “занжир услуби”да – юқоридан пастга қараб, давлатнинг стратегик мақсадли кўрсаткичлари вазирлик ва идораларга, марказий ва тегишли таркибий бўлинмаларга, ҳамда индивидуал ЭМСК тарзида давлат хизматчисигача тушиб боради.  

Хулоса шуки, самарадорлик менежментини жорий этиш давлат олдида турган ўлчовли мақсадларга эришишга, шунингдек стратегик режалаштириш, ҳуқуқий механизмлар орқали ижтимоий, иқтисодий соҳаларда асосий мақсадларга эришишга хизмат қилади.

 

 

Алишер ЭРАНОВ,
Шоҳруҳ НУРАЛИЕВ,

 

Давлат хизматини ривожлантириш

агентлиги масъул ходимлари

Чоп этиш