“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинмоқда

22:42 - 25 май 2020 Янгиликлар
494

Халқаро майдонда янги Ўзбекистон дея эътироф этилаётган мамлакатимизда бугунги кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Шу қаторда давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг шаффофлиги, очиқлиги ва адолатлилик принциплари устуворлигини таъминлаш мақсадида бир қатор муҳим ишлар амалга оширилаётгани барчамизга бирдек аён.

Бу борада энг аввало давлат фуқаролик хизматини жорий этилишига ҳуқуқий асос бўлувчи ҳужжатларнинг ишлаб чиқилаётгани, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашга берилаётган улкан аҳамиятнинг ёрқин намунасидир. 

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси чинаккамига халқчил бўлишини таъминлаш мақсадида regulation.uz (https://regulation.gov.uz/ru/document/18047) сайти орқали кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди. 


Жорий йилнинг 22 май куни regulation.uz (https://regulation.gov.uz/ru/document/18047) сайтига муҳокамага қўйилган мазкур қонун лойиҳасида давлат фуқаролик хизмати билан боғлиқ барча жараёнларнинг тартибга солиниши назарда тутилган. 

Энг асосийси ушбу қонун лойиҳасида давлат фуқаролик хизматига кириш, унда хизматни ўташ ва тугатишдан тортиб давлат хизматчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ҳуқуқий мақоми, кафолатлари, ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси, давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупциянинг олдини олиш чоралари ва уларни амалга ошириш мезонлари, қандай ҳолатларда давлат хизматчиси ўз мақомидан маҳрум бўлиши, уларнинг лавозим поғоналарида фақатгина меритократия тамойили асосида кўтарилиб боришини қатъий белгиловчи нормалар белгиланган. Айни вақтда мазкур қонун лойиҳаси юзасидан кенг жамоатчилик томонидан таклиф ва фикрлар билдирилмоқда. 

Ўз навбатида, Сизда ҳам “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасига таклифлар бўлса, қуйида кўрсатилган ҳавола орқали қонун лойиҳаси билан танишиб, ўз фикр ва мулоҳазаларингизни билдиришингиз мумкин. 

regulation.uz (https://regulation.gov.uz/ru/document/18047)

Ўзбекистон Республикаси “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасининг муҳокамаси 2020 йилнинг 6 июнига қадар давом этади.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Ахборот хизмати

Чоп этиш