Давлат фуқаролик хизматини рақамлаштиришда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Бугун Тошкент шаҳридаги «IT-Park»да Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Отабек Хасанов ва вазир Шерзод Шерматов ушбу масала юзасидан суҳбатлашишди.

Давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқаришда ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан фойдаланиш ҳар томонлама манфаатли бўлиши, айниқса, коррупциянинг олдини олиш, турли оворагарчилик ва қоғозбозликларга барҳам берилиши таъкидланди. Бу борада қатор хорижий давлатларнинг муваффақиятли натижалари муҳокама қилинди.
Масъул раҳбарлар ушбу соҳада 2023 йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, жумладан, "Рақамли давлат фуқаролик хизмати" лойиҳаси юзасидан фикр алмашишди.
Шунингдек, Отабек Хасанов Вазирлик ташаббуси билан ташкил этилган семинарда ташкилотнинг марказий аппарати ҳамда тизимидаги корхона, ташкилот муассасаларнинг раҳбар-ходимларига соҳадаги ўзгаришлар, "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил тушунча берди, давлат хизматида мавжуд муаммолар, уларни бартараф этишда IT роли мутахассислар иштирокида муҳокама қилинди.
Конструктив руҳда ўтган мулоқотда давлат хизматчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.