“100 нафар энг илғор етакчи” дастури
Истиқболли бошқарув кадрларини саралаб олиш ва тайёрлаш бўйича янги лойиҳа ишга тушмоқда. Бу ҳақда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини 2023 йилда амалга оширишга оид ДАВЛАТ ДАСТУРИнинг 10-мақсадида белгиланди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш, давлат органлари ва ташкилотларини профессионал сифатларга эга, салоҳиятли ва энг муносиб кадрлар билан таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди, унга кўра давлат фуқаролик хизматига очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш, салоҳиятли раҳбар кадрлар захирасини рақобат асосида шакллантириш тизими жорий этилди.
Мамлакатимизда давлат фуқаролик хизматининг жозибадорлигини янада ошириш, давлат органлари ва ташкилотларида салоҳиятли ва истиқболли раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш тизимини янада такомиллаштириш бугунги кундаги долзарб масалалардан биридир.
“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий компетенцияларини оширишнинг асосий вазифалари сифатида давлат фуқаролик хизматини юқори малакали кадрлар билан таъминланганлик ҳолатини яхшилаш, давлат фуқаролик хизматида инсон ресурслари ва кадрлар салоҳиятини ҳар томонлама ривожлантириш ҳамда давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий компетенцияларини илм-фаннинг замонавий ютуқлари ва илғор хорижий тажриба асосида мунтазам равишда ошириш кўзда тутилган.
Шу муносабат билан, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан салоҳиятли ва истиқболли раҳбар кадрлар захирасини шакллантиришда барча фуқароларга кенг имкониятлар яратиш мақсадида Истиқболли бошқарув кадрларини саралаб олиш ва тайёрлаш бўйича “100 нафар энг илғор етакчи” дастури жорий этилмоқда.
Дастурдан кўзланган мақсад – меритократия тамойили асосида юқори даражадаги билим, лидерлик сифатлари, касбий ва бошқарув кўникмаларига эга бўлган истиқболли бошқарув кадрларини саралаб олиш, уларни мақсадли тайёрлаш ва захирасини шакллантириш, хусусий секторда фаолият юритаётган, шу жумладан, ёшлар, фаол тадбиркорлар, хориждаги ватандошлар орасидан салоҳиятли ёшларни аниқлашдан иборат.
Таъкидлаш жоизки, мазкур дастурни ишлаб чиқиш жараёнида ривожланган давлатларда жорий этилган ўхшаш дастурлар тажрибаси ўрганилди ва фойдаланилди. Хусусан, давлат бошқаруви тизимига номзодларни очиқ танлов асосида саралаб олиш, номзодларга қўйилган талаблар, касбий компетенциялар асосида ўқитиш, танлов ғолибларини моддий рағбатлантириш тизими ҳамда уларни юқори лавозимларга тайинлаш ёки захирага кириш имкониятлари таҳлил қилинди.
Мисол ўрнида:
АҚШдаги дастур “Президент бошқарувининг стипендиантлари (Presidential Management Fellows)” деб номланади. Дастурни ташкил этишда АҚШ Кадрлар хизмати бошқармаси (OPM) масъул идора ҳисобланади. Дастур иштирокчилари АҚШ ва хориж мамлакатлари фуқаролари бўлиб, улардан олий (камида магистр даражаси) маълумотли бўлиш талаб этилади.
Дастур ғолибларига ойлик ва қўшимча тўловлар, GS-13 мартаба даражасигача кўтарилиш истиқболи, 80 соатлик малака ошириш курсини ўташ, ишга киришда имтиёзлар каби бир қатор имкониятлар берилади.
Бирлашган Араб Амирликларидаги дастур “Ҳуқумат лидерлари дастури (Government Leaders Programmes)” деб номланади. Дастурни амалга оширишга БААнинг Ҳукумат ишлари бўйича вазирлиги масъул ҳисобланади. Дастур иштирокчилари давлат органлари ва ташкилотларидаги бўлим бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, жамоа ва лойиҳа бошқарувчилари бўлиб, улардан 21-35 ёш оралиғида ва олий маълумотли (2-3-даражали давлат хизматчилари) бўлиш талаб этилади.
Европа иттифоқидаги дастур “Давлат хизматини ривожлантириш олий дастури (Top Civil Service Development Program)” деб номланади. Бандлик, ижтимоий ва интеграция масалалари бўйича Европа Комиссияси дастурни амалга оширишга масъул идора ҳисобланади. Дастур иштирокчилари амалдаги ўрта бўғин давлат хизматчилари бўлиб, улардан олий маълумотли (ўрта буғин давлат хизматчиси мартаба даражаси) талаб этилади. Уларга Европа Иттифоқига аъзо мамлакатда юқори лавозимларга тайинланиш ёки захирага кириш имконияти берилади.
Япониядаги дастур “Ёш лидерлар дастури (Young Leaders' Program)” деб номланади. Япония фан, таълим, маданият, спорт ва технологиялар вазирлиги дастурни амалга оширишга масъул идора ҳисобланади. Дастурга Япония ва хориж мамлакатлари фуқаролари орасидан 30 нафар номзод киритилади, улар 40 ёшгача бўлиши, олий маълумотли ва истиқомат қилган мамлакатда соҳа (тармоқ) бўйича камида 3 йиллик иш тажрибасига эга бўлиши талаб этилади. Дастур иштирокчиларига 250 минг иен (таҳминан 2 000 АҚШ дол.) миқдорида таълим стипендияси берилади.
Россия Федерациясида “Россия лидерлари (Лидеры России)” танлови ўтказилади, унга АНО “Россия – страна возможностей” ҳамда Халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси масъул ҳисобланади. Танловда 18-55 ёш оралиғида ва олий ёки ўрта махсус (йўналишлар доирасида қўшимча талаблар бўлиши мумкин) маълумот ҳамда 2 йиллик бошқарув тажрибаси (қўшимча талаблар бўлиши мумкин)га эга Россия Федерацияси ва хориж мамлакатлари фуқаролари иштирок этиши мумкин.
Танлов ғолибларига таълим гранти (1 млн. рубль, таҳминан 14 000 АҚШ дол.), юқори мартабали давлат хизматчиси ёки тадбиркор билан ишлаш (менторлик), бошқарув кадрлар захирасига кириш каби имкониятлар берилади.
Озарбайжон Республикасидаги дастур “Юксалиш” деб номланиб, уни амалга ошириш бўйича Ташкилий қўмита (давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларидан иборат) тузилади. Дастур иштирокчилари камида 2 йил раҳбарлик лавозимида ишлаган, 21-51 ёшгача бўлган Озарбайжон Республикаси фуқаролари орасидан танлов орқали сараланади. Дастур доирасида тўрт босқичли танлов (масофавий саралаш, бевосита танлов, яримфинал ва финал) ўтказилади ва 20 нафар ғолиблар аниқланади. Дастур ғолибларига 20 минг манат (таҳминан 11 500 АКШ дол.) миқдорида таълим гранти берилади.
Қозоғистон Республикасида “Президентнинг ёш кадрлар захираси” дастури мавжуд бўлиб, у Давлат хизмати ишлари агентлиги томонидан ташкил этилади. Дастурда камида 5 йиллик умумий иш стажига эга бўлган, давлат тилини яхши биладиган (В1 даражадан паст бўлмаган), 35 ёшдан ошмаган Қозоғистон Республикаси фуқаролари иштирок этиши мумкин. Дастур доирасида 50 нафар ғолиб танлов асосида саралаб олинади ҳамда сиёсий гуруҳдаги лавозимларга тайинланиши учун тавсия қилинади.
Илғор хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, ёшларга ўзларини намоён этиш, дадил ташаббусларни илгари суриш ва уларни амалга оширишда бевосита иштирок этиш имкониятини бериш орқали давлат хизматига иқтидорли ва салоҳиятли кадрларни жалб қилиш, уларнинг захирасини шакллантиришга мустаҳкам замин яратилади.
Жорий қилиниши режалаштирилган “100 нафар энг илғор етакчи” дастурида олий маълумотга ва тегишли соҳада камида беш йил иш тажрибасига эга, 25 ёшдан 40 ёшгача бўлган (40 ёш ҳам қўшилган ҳолда) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этишлари мумкин бўлади.
Дастур ҳар икки йилда бир марта икки босқичда (танлов ва тайёрлов) ташкил этилиб, унда истиқболли бошқарув кадрларни очиқ танлов асосида саралаб олиш, танлов ғолибларида бошқарув кўникмаларини шакллантиришга қаратилган махсус ўқув дастури асосида ўқитиш, маҳаллий ва хорижий стажировкага юборишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуидан иборат бўлади.
Танлов якунига кўра 100 нафар ғолиблар аниқланади, улар пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Шунингдек, танлов ғолиблари бир йил давомида:
шахсий ривожланиш режасини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
махсус ўқув дастури асосида Давлат бошқаруви академиясида таҳсил олади;
давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарларига “дублёр” сифатида бириктирилган ҳолда амалиёт ўтайди;
ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида стажировка ўташ учун юборилади.
Юқоридаги шахсий ривожланиш режасини тўлиқ ва муваффақиятли бажарган, махсус ўқув дастурини муваффақиятли якунлаган ҳамда маҳаллий ва хорижий стажировкаларни тўлиқ ўтаган ғолиблар Миллий кадрлар захирасига киритилиши кўзда тутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ушбу дастурнинг амалга оширилиши:
— Ўзбекистонда давлат фуқаролик хизматининг жозибадорлигини янада ошириш, давлат органлари ва ташкилотларида раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш тизимини янада такомиллаштириш;
— давлат органлари ва ташкилотлари учун юқори даражадаги билим, лидерлик сифатлари, касбий ва бошқарув кўникмаларига эга бўлган истиқболли бошқарув кадрларини саралаб олиш, уларни мақсадли тайёрлаш ҳамда захирасини шакллантириш;
— давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик юритувчи субъектлар, хусусий секторда фаолият юритаётган, шу жумладан, ёшлар, фаол тадбиркорлар, хориждаги ватандошлар орасидан салоҳиятли ёшларни аниқлаш;
— давлат фуқаролик хизматида меритократия тамойили асосида раҳбарлик лавозимларини эгаллашда фуқароларга кенг имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Боту Алимов,
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги департамент мудири