Миллий кадрлар захирасига киритилган тадбиркорлар учун малака ошириш курси ташкил этилди
Давлат фуқаролик хизматидаги раҳбарлик лавозимларини малакали кадрлар билан тўлдириш, марказлашган ҳолда саралаш, уларнинг билимини узлуксиз ошириб бориш мақсадида Миллий кадрлар захираси ташкил этилган.

Ушбу Захирага яна бир гуруҳ номзодлар — тадбиркорлар киритилди. Бугун Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Давлат бошқаруви академиясида улар учун махсус ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
Очилиш маросимида ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари ва масъуллари халқимизнинг орзу-интилишларини теран англайдиган, унга садоқат билан хизмат қилишни муқаддас бурч деб биладиган, билимдон, қатъиятлилик сифатига эга, замонавий ёндашувдаги кадрлар билан тўлдиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди. Соҳадаги ислоҳотлар, мавжуд муаммолар ҳақида сўз борди.
Ўқув номзодларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий соҳадаги билимларини ошириш, миллий қадриятларимизни шакллантириш, шахсий ва бошқарув кўникмаларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.
Тингловчилар ўз ҳудуди ривожи учун ҳисса қўшиб келаётган, янги иш ўринлари яратган, эл ичида обрў-эътиборга эга, истиқболда раҳбарлик лавозимларида самарали фаолият юритиши мумкин бўлган тадбиркорлар ичидан шакллантирилди.