Энди давлат хизматчилари фаолияти махсус тизим орқали баҳоланади
Давлатлар ўртасида кескин рақобат юзага келган ҳозирги даврда тезкорлик билан ўзгариб бораётган янги шароитларга мослашувчан, олдига қўйилган масалаларни тезкор ва сифатли ҳал этишга қодир давлат хизмати аппаратини ташкил этиш ҳамда бу борада муваффақиятга эришиш муайян мамлакатнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини белгилаб беради.

Тан олиш керак, бизда давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг иш самарадорлигини белгиловчи аниқ мезонлар мавжуд эмас. Улар фаолиятини баҳолашда аниқ механизмлар ҳам, давлат хизматчилари жавобгарлик доирасининг аниқ чегараларини белгиловчи кўрсаткичлар ҳам ишлаб чиқилмаган. Қолаверса, давлат хизматчиларини лавозим бўйича ўстириш, рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш масаласи адолатли баҳолаш тизимига асосланмаган. Бу тизимли муаммоларнинг мавжудлиги давлат хизмати аппарати имкониятларини тўлиқ сафарбар этилмаслигига ҳамда давлат хизматчиларининг самарадорлиги талаб даражасида бўлмаслигига олиб келмоқда.
Жаҳон тажрибасига қарайдиган бўлсак, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо 31 та давлатда (АҚШ, Франция, Австрия, Япония, Корея ва бошқалар) самарадорликни баҳолаш тизимлари йўлга қўйилган. Масалан, Австрияда 2013 йилдан буён натижага йўналтирилган давлат бошқаруви тизими қўлланилган. Мазкур тизимга кўра, ҳар йили федерал молиявий қонундаги вазифалар, босқичма-босқич бош бошқармалар, алоҳида таркибий тузилмалар, гуруҳлар ва ниҳоят алоҳида давлат хизматчилари даражасига туширилади. Мазкур тизимнинг ўзига хос жиҳати, ҳар бир давлат хизматчисининг стратегик мақсад ва вазифаларга эришишда қўшган ҳиссасини баҳолаш имкониятининг мавжудлиги ҳамда тизимнинг шаффофлигидир.
Амалдорга “баҳо” қўйилади!
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасининг 35-моддаси билан давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими жорий этилмоқда. Шунингдек, “Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолияти самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси президентининг қарори лойиҳаси ҳам тайёрланди Хўш, янги тизим бизга нима беради?
Лойиҳа билан жорий этилиши кўзда тутилган биздаги баҳолаш тизимига кўра, ҳар бир давлат хизматчиси фаолияти давомида эришиши лозим бўлган энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (ЭМСК, KPI) белгиланади ҳамда мазкур кўрсатикичларга эришиш даражасига кўра ходим фаолияти объектив баҳоланади.
Энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари давлат фуқаролик хизматчилари томонидан функционал мажбуриятлари ва топшириқларни ижро этилишининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш учун қўлланиладиган ва миқдоран ўлчаш мумкин бўлган баҳолаш индикаторларидир.
Баҳолаш тизимини унификациялаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари самарадорлигининг ягона ўлчовларини яратиш мақсадида “намунали”, “аъло”, “яхши”, “қониқарли”, “паст даражада”, “қониқарсиз” каби баҳо турлари белгиланмоқда.
Баҳолаш натижаларига кўра, ходимга қўшимча устама тайинлаш, малака даражасини навбатдан ташқари бериш, лавозим бўйича ўстириш каби рағбатлантириш чоралари ҳамда ҳайфсан, жарима, лавозим бўйича пасайтириш ёки озод қилиш каби интизомий жазо чораси қўлланилади.
Айрим маҳаллий ҳокимликларга синов даври бошланди
Қонун нормасининг амалда самарали татбиқ этиш ҳамда баҳолаш тизимини тўғри йўлга қўйилишини таъминлаш мақсадида “Натижадорлик – бош талаб ва фаолиятнинг асосий мезони” шиори остида Республикамизнинг 11 та туман (шаҳар) ҳокимликларида ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари фаолиятини баҳолаш бўйича эксперимент ўтказилмоқда.
Хусусан, жорий йил 24 февралдан Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани ва Янгийўл шаҳри, 2 мартдан Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани, 23 мартдан Хоразм вилоятининг Урганч шаҳри, Ҳазорасп, Янгибозор ва Янгариқ туманлари,
27 майдан Андижон вилоятининг Бўстон тумани ва Хонобод шаҳрида ҳамда 29 майдан бошлаб Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳри ва Қува туманида ҳоким ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самардорлик кўрсаткичлари(ЭМСК,KPI) асосида баҳолаш тизими йўлга қўйилди.
Юқоридаги ҳар бир ҳудудда баҳолаш тизими ҳамда ходимлар фаолиятини натижадорликка йўналтириш тўғрисида маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари иштирокида семинар
ва йиғилишлар ўтказилди. Эксперимент давомида ҳокимлар ва улар ўринбосарларининг фаолияти ЭМСК асосида баҳоланиб, уларнинг рейтинги шакллантирилди.
Шунингдек, ўтказилаётган эксперимент натижасида ҳокимликларга улар фаолиятига хос бўлмаган ортиқча вазифа ва функциялар юклатилганлиги, ҳокимликлар раҳбарлари фаолиятини баҳолаш бўйича ягона тизимнинг мавжуд эмаслиги, аниқ мезонлар ва индикаторларнинг белгиланмаганлиги уларнинг самарали ишлашига салбий таъсир кўрсатаётганлиги аниқланди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, бу янги баҳолаш тизими бугунги янги Ўзбекистоннинг ислоҳотлари босқичида сув ва ҳаводек зарурдир. Чунки давлат ривожида малакали ва профессионал кадрларнинг ўрни беқиёс. Баҳолаш тизими ҳам йўлга қўйилар. Лекин уни шаффоф ишлаши сизу бизнинг қўлимизда. Тизим қанчалик адолатли йўлга қўйилса, бу фақат ва фақат халқ фаровонлигига хизмат қилишини унутмаслик даркор!
Алишер ЭРАНОВ,
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Давлат хизматчилари фаолиятини мониторинг қилиш ва баҳолаш департаменти мудири ўринбосари