Ҳукумат Давлат бошқаруви академиясида малака оширадиган бошқарув кадрлари лавозимлари таркибини тасдиқлади
Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида малака оширадиган бошқарув кадрларининг лавозимлари таркибини тасдиқлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва унинг ҳудудий филиалларида 2023/2024 ўқув йилида давлат гранти асосида малака ошириш курсларига юбориладиган бошқарув кадрларининг лавозимлари таркиби тасдиқланди.
Қарорга кўра, барча вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Академия ва унинг ҳудудий филиалларида мазкур қарорга мувофиқ тасдиқланган таркибда бошқарув кадрларининг малака ошириш курсларида иштирокини таъминлаб боради.
Академия 2023 йил октябрь — 2024 йил июнь ойларида малака ошириш курсларини ташкил этади.
2023/2024 ўқув йили давомида Академияга жами 46 та профессор — ўқитувчи штат бирликлари ажратилади.