Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Корея Республикаси Персонални бошқариш вазирлиги ҳамкорлик қилади
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Хасанов, Корея Республикаси Персонални бошқариш вазири Ким Сын Хо ўртасида мулоқот ташкил этилди.

Вазирлик давлат хизматига танлов асосида ишга қабул қилиш, лавозимда кўтариш, инсон ресурсларини ривожлантириш, рағбатлантириш, ахлоқий меъёрлар ва тартиб-интизом қоидалари, давлат хизматчиларининг нафақасига оид сиёсат ҳамда механизмларни ишлаб чиқади. Вазирликда 8 та бюро, 27 бўлим бор. Шунингдек, Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти (NHI), Апелляция комиссияси ва Давлат хизматчиларининг нафақа хизмати вазирлик қошидаги муассасалар ҳисобланади.
Унинг асосий мақсади инсон ресурсларини бошқаришда холислик ва шаффофликни таъминлаш бўлиб, бу “халқчил миллат, адолатли Корея” ғоясини амалга ошириш учун кадрларни керакли вақтда, керакли жойга қўйишни англатади.
Учрашувда инсон ресурсларини бошқариш ва давлат хизматини ривожлантириш соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Англашув меморандуми имзоланди.
Унга кўра, инсон ресурсларини бошқариш жараёнларини рақамлаштириш, давлат хизмати ва компетенцияларни баҳолаш (ассессмент марказ) масалалари бўйича тажриба алмашилади. Ўзбекистонлик раҳбар кадрлар учун Кореяда малака ошириш ва стажировка дастурларини ташкил этишга қаратилган қўшма лойиҳалар амалга оширилади.
Маълумот учун: Кореяда “Рақамли технологиялар ривожланишининг давлат инсон ресурслари соҳасига таъсири” мавзусида HR-етакчилар форуми ташкил этилди. Унда 25 мамлакатнинг давлат хизматида инсон ресурслари масалалари бўйича масъул раҳбарлари иштирок этди.