Кадрлар билан ишлаш соҳасида янги ғоялар, моделлар ва тенденциялар муҳокама қилинди

09:56 - 11 декабр 2023 Янгиликлар
3297

Шунингдек, халқаро тадбир доирасида “Давлат фуқаролик хизматини 2030-йилга қадар ривожлантириш стратегияси” лойиҳаси учун таклифлар ишлаб чиқилди.

     Ҳозирги вақтда дунёда юз бераётган шиддатли инновацион ўзгаришлар, рақамлаштириш жараёнлари, сунъий интеллектнинг жорий этилиши ҳар бир давлат олдида янги-янги долзарб вазифаларни қўймоқда. Бундай шароитда давлатларнинг ҳамкорлик борасида ҳали ишга солинмаган улкан имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш тақозо этилади. Кадрлар сиёсати, инсон ресурсларини бошқариш ва уларни ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик эса вақт ўтган сари аҳамият касб этиб боряпти.

    Инсон ресурслари ҳар қандай жамиятнинг асосий бойлиги, мамлакат иқтисодиётини ҳаракатлантирувчи куч, давлат фаровонлигининг бош омилидир. Айнан инсон ресурслари бошқа барча ресурслардан оқилона фойдаланишда ҳал қилувчи ва стратегик роль ўйнайди. Шу жиҳатдан инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантиришга бўлган эътибор дунё миқёсида тобора ортиб бормоқда.

    Шу мақсадда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, Латвия Республикаси Молия ва шартномалар марказий агентлиги ҳамкорлигида “Давлат хизматида истеъдодли шахсларни қўллаб-қувватлаш масалалари” мавзусида халқаро давра суҳбати ташкил этилди.

     Давра суҳбатида вазирлик ва идораларнинг раҳбар кадрлари, инсон ресурсларини бошқариш бўлинмалари ходимлари, олимлар, чет эл мутахассислари, дипломатик корпус вакиллари ҳамда Англия, Германия, Латвия, Франция, БАА, Корея, Сингапур, Туркия, Озарбайжон каби мамлакатлардан соҳа экспертлари, давлат хизматчилари иштирок этмоқда.

   Тадбир давлат хизматини ривожлантиришда салоҳиятли кадрлар захирасини шакллантириш муаммолари, истеъдодли шахсларни давлат хизматига жалб қилишнинг замонавий ҳамда самарали механизмларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди.
      Тадбирнинг очилиш маросимида сўз олганлар соҳада халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти, профессионал давлат хизматини шакллантиришнинг бугунги кундаги аҳамияти ва муаммоллари ҳақида фикр билдиришди.

    Шунингдек, Ўзбекистоннинг соҳада амалга ошираётган ислоҳотлари ҳақида маълум қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Президентининг “давлат хизматчиси, аввало, халқ хизматчиси бўлиши шарт”, деган сиёсий иродасини рўёбга чиқариш бўйича ташкилий-ҳуқуқий ва комплекс амалий чора-тадбирлар олиб борилаётгани таъкидланди.

    Хусусан, мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми белилгангани, давлат хизматига киришда меритократия ва шаффофликни таъминлаш бўйича очиқ танлов тизими жорий қилингани, аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш тизими тубдан такомиллаштирилгани, 302 турдаги хизматлар рақамлаштирилгани,  давлат хизматида инсон ресурсларини бошқариш жараёнига замонавий IT жорий қилингани, давлат идораларида ортиқча ва ўзига хос бўлмаган функция ҳамда ваколатлар бартараф этилиб, давлат бошқаруви тизимини номарказлаштириш чоралари кўрилаётгани, аҳоли муаммолари билан манзилли ишлаш мақсадида секторлар фаолияти, маҳалладаги “бешлик” тизими йўлга қўйилгани иштирокчилар томонидан ижобий қабул қилинди.

    Шундан сўнг, халқаро тадбир панелларда ишини давом эттирди. I-панелда ноаниқлик шароитида ишчи кучини режалаштириш: турли моделлар ва инструментлар, иккинчисида юқори бўғин давлат хизмати: лидерлик учун компетенциялар, рекрутмент ва карьера мобиллиги масалалари муҳокама қилинди.

Учинчи панелда ҳам давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муҳим масалалар муҳокамаси бўлди. Унда истеъдодли шахслар салоҳиятидан тўғри фойдаланиш, эътироф қилиш, иш ва шахсий ҳаёт ўртасида мувозанатни таъминлашга қаратилган амалиётлар юзасидан тажриба алмашилди.

   Давра суҳбати сўнггида экспертлар, соҳа мутахассислари, олимлар ҳамда жамоатчилик вакиллари фикр-мулоҳазалари, таклифлари юзасидан хулосалар эълон қилинди.

    Шунингдек, халқаро тадбирнинг иккинчи кунида етакчи хорижий ва маҳаллий экспертлар, вазирлик ва идораларнинг Инсон ресурсларини бошқариш бўлинмалари масъуллари, жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида халқаро семинар ташкил этилди.

   Кун давомида “Давлат фуқаролик хизматини 2030-йилга қадар ривожлантириш стратегияси” лойиҳаси учун таклифлар ишлаб чиқилди. Лойиҳа учун устувор йўналишлар, мақсад ва вазифалар, масъул ижрочилар белгиланиб, "Йўл харитаси" ишлаб чиқилди.  Асосий йўналиш — халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш масаласи сифатида белгиланди.

   Сўнг сўз ўрнида таъкидлаш жоизки, халқаро мулоқот давомида кадрлар сиёсати ва давлат хизматидаги замонавий трендлар, янги ғоялар ва ёндашувлар муҳокама қилинди, истеъдодли шахслар, хусусан, ёшларни давлат хизматига кенг жалб қилиш бўйича ўзаро тажриба алмашилди, янги, устувор вазифалар белгиланди.

 Отабек Хасанов, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари (Ўзбекистон)


    Бугун замонавий, мослашувчан, профессионал давлат хизматини ташкил этиш ҳар бир мамлакат олдидаги муҳим масала. Бу — самарадорлик бош мезони ҳисобланади. Хориж тажрибаси асосида бу борадаги сиёсатни қисқа фурсатларга, миллий модел негизида янгилаб бориш имконияти мавжуд. Мулоқотимиз ҳам айнан шу мақсадда, тизимда хатоларин камроқ қилиш, ривожланган мамлакатлар тажрибасидан яқиндан хабардор бўлиш, замонавий, янги тенденцияларни тезроқ амалиётга қўллаш мақсадида ташкил этилди.

Хорижий экспертлар билан соҳада турли моделлар ва инструментларни қўллаш, компетенцияларни ривожлантиришда синовдан ўтган дастурлар ҳақида фикр алмашдик. Шунингдек,  Ўзбекистонда давлат хизмати соҳасини ислоҳ қилиш, натижадор, ихчам ва профессионал давлат бошқаруви тизимини яратиш бўйича стратегик чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, хусусан, “маҳаллабай” ишлаш тизими, ишга киришдаги очиқ танлов, кадрлар ишини юритишдаги рақамлаштириш, ёшларни давлат хизматига жалб қилиш ва уларни лавозимда ўстириш механизмлари ҳамкорларимизда ижобий таассурот уйғотди. Давлат хизмати соҳасида Ўзбекистоннинг ҳамкорлари сони ошиб бораётгани Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғри йўлда эканлигини билдиради.  


Ларби Джакта, БМТ Халқаро давлат хизмати комиссияси раиси (АҚШ)

Мен ҳурматли Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат хизмати соҳасида амалга ошираётган юксак мақсадли ишлари тўғри эканлигини таъкидламоқчиман. БМТ Халқаро давлат хизмати комиссияси дунёдаги энг илғор амалиётларни ўзида мужассамлаштирган ва Ўзбекистонда давлат етакчиси томонидан белгилаб берилган стратегияни амалга оширишда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

Шу билан бирга, "Эл-юрт умиди" жамғармаси стипендиатларини Нью-Йоркдаги офисимизга стажёр сифатида қабул қиламиз.Турли департаментларимизда кўникмаларини янада ривожлантиришларига ёрдам берамиз.

 

Квантек Нам, Персонални бошқариш вазирлигининг Халқаро ҳамкорлик бошқармаси директори ўринбосари (Корея)

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан 2 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келамиз. Бу галги мулоқот анча самарали бўлди. Ўзбекистон соҳани ривожлантириш бўйича муҳим ташаббуслар, аниқ режалар, янги таклифлар билан чиқди. Қолаверса, мамлакатда инсон ресурсларини бошқаришни рақамлаштириш жараёни кетяпти. Ўйлайманки,  Ўзбекистон ҳукумати бу ишни муваффақиятли якунлайди.
 

Иброҳим Ал Бадави, “01Gov” ижрочи директори (БАА, Австралия)


Бу муҳим тадбирни ўтказишда Ўзбекистон танлангани бежиз эмас. Мамлакат ривожланишнинг ўзига хос давринии босиб ўтяпти. Яқинда қабул қилган ривожланиш стратегиясида ҳам  давлат хизмати жозибадорлигини ошириш, халқ хизматчиларини шакллантириш белгиланган. Бугун кўрдимки, мамлакатда яхши муҳит ҳам яратилган. Бу Ўзбекистон билан кадрлар соҳасида ҳамкорлик қилишимиз учун сабаб бўла олади.

 

Инита Пауловица, Стратегиялар ишлаб чиқиш бўйича маслаҳатчи (Латвия)


Латвияда давлат хизматини профессионаллаштириш жараёни кетяпти. Ҳар бир ташкилотга малакали кадрлар жалб қилиняпти. Уларни ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ механизмлар яратилган. Бу борадаги Ўзбекистон тажрибаси ҳам бизни қизиқтирди. Истеъдодлилар имкониятидан тўғри фойдаланиш кадрларнинг иш шароитини яхшилаб бориш — профессионал давлат хизматини шакллантиришда керак. Биз семинарда Ўзбекистондаги идораларнинг инсон ресурсларини ривожлантиришга масъул ходимлари билан шу масалада, муваффақиятли давлатлар тажрибаси ҳақида гаплашдик. Ўйлайманки, соҳадаги ҳамкорлигимиз самарали бўлади.  

Чоп этиш