Давлат хизматчиларини танлашда шаффофлик таъминланади

11:31 - 6 август 2020 Янгиликлар
1728

Давлат фуқаролик хизмати тушунчаси айни пайтда ҳамюртларимизга у қадар ҳам таниш бўлмаган атамадир. Албатта, бу табиий ҳол. Чунки бу тизимни ривожлантиришга яқин тарихимизда эндигина эътибор қаратила бошланди. Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Мазкур агентлик давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул орган этиб белгиланди.

Давлат фуқаролик хизматини тартибга солувчи ягона қонун ҳужжати йўқ. Ваҳоланки, айни дамда мазкур тизимда минглаб фуқаролар меҳнат қилмоқда. 2019 йил сарҳисобига кўра, Ўзбекистон бўйича 320 нафар аҳолига 1 нафар давлат хизматчиси тўғри келади. Ушбу кўрсаткич Жанубий Кореяда 28, Россия Федерациясида 68, Қозоғистон Республикасида 187 нафарни ташкил қилади.

Айнан давлат фуқаролик химатидаги фаолиятни ягона қонун ҳужжати билан тартибга солиш орқали бу соҳадаги долзарб масалаларга ечим топиш мақсадида агентлик томонидан тизимни тартибга солувчи ҳуқуқий асос, яъни «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. У кенг муҳокамаларга сабаб бўлганини алоҳида таъкидлайдиган бўлсак, албатта, бу ижобий жараён. Чунки давлат фуқаролик хизматининг мақоми қандай бўлиши бевосита жамият ҳаётига ҳам таъсир ўтказади. Шу сабабли жамоатчиликнинг тизимда бўлаётган жараёнларга эътибор қаратиб, ўз фикрини билдириши олдимизга қўйган устувор вазифалардан бири бўлган кучли фуқаролик жамиятини яратиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг дастлабки меваси, десак адашмаган бўламиз.

Қонун лойиҳасига кўра, давлат хизматчиси касбга оид сифатлари ва алоҳида хизматларини объектив ва адолатли баҳолаш асосида хизмат поғоналари бўйича ўсиш (меритократия), хизмат юзасидан раҳбариятга ўзининг шахсий фикрини билдириш, ўзи фаолият юритаётган давлат органи ёки ташкилоти фаолиятини такомиллаштиришга оид таклифларни бериш, раҳбарлар, бошқа мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан шаъни ва қадр-қимматининг ҳурмат қилиниши ва бошқа ҳуқуқларга эга бўлади. Мазкур қонун давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояси масалаларини тартибга солувчи ҳамда давлат фуқаролик хизматини мустаҳкамловчи муҳим лойиҳа ҳисобланади. Қонун лойиҳаси билан давлат фуқаролик хизматчиси томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган коррупциоген ҳолатларнинг олдини олиниши кўзда тутилмоқда. Айниқса давлат фуқаролик хизматчиларининг белгиланган тартибда декларация тўлдириб бориши ушбу механизмларда биридир.

Бу лойиҳани тайёрлаш жараёнида ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасида давлат фуқаролик хизматига оид муносабатлар қандай қонун ҳужжатлари билан тартибга солингани атрофлича ўрганилган. Аниқ мисолга тўхталадиган бўлсак, 1883 йилда АҚШда давлат фуқаролик хизматига оид «Фуқаролик хизмати тўғрисида» ги Қонун қабул қилинган. Қонун фуқаролик хизматига танлаш ва лавозимларнинг аксариятига тайинлаш учун янгича тизим (тақдирлашга лойиқ ишлар тизими) ва танлов имтиҳонлари жорий этилишига ҳуқуқий асос бўлган.

Шунингдек, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан кадрлар сиёсатида таниш-билишчилик орқали ишга кириш каби иллатларга ҳам чек қўйиш кўзда тутилган.

Бу механизм ўз навбатида “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланишга кўмак беради. Ҳар бир давлат хизматчиси томонидан жиноий ҳатти-ҳаракатлар содир этилишига тўсқинлик қилади.

Чунки оддийгина давлат органи ёки ташкилотига ишга қабул қилиниш жараёнларида юз берадиган айрим коррупциявий ҳолатлар бевосита инсон омилига боғлиқдир. Мазкур қонунда кўзда тутилган очиқ мустақил танлов орқали ишга қабул қилиш механизми давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилишда инсон омили иштирокини минималлаштиради.

“Ҳалоллик вакцинаси” билан давлат фуқаролик хизматчиларини эмлаш қаторига уларнинг билим ва интилувчанлигини ошириш, қўллаб-қувватлаш, лавозим поғоналарида меритократия тамойиллари асосида кўтарилишини таъминлаш каби саъй-ҳаракатлар ҳам киришини таъкидлаш лозим.

Бундан ташқари, XXI аср замонавий технология ва интернет даври бўлгани боис “ҳалоллик вакцинаси”ни жорий этишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда кадрларни саралаб олиш ва жой-жойига қўйишнинг максимал даражада шаффоф ва адолатли тартибини жорий этиш алоҳида аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда бундай ишлар бошлаб юборилгани барчада давлатга бўлган ишончни мустаҳкамлашга асос бўлади. Мисол учун, жорий йил

1 январдан Фарғона шаҳрида, вилоят қишлоқ хўжалиги, молия бошқармаси, бандлик бош бошқармаси ҳамда Халқ банки вилоят филиалида ҳам тажриба асосида давлат фуқаролик хизматига очиқ мустақил танлов асосида ишга қабул қилиш механизми йўлга қўйилди.

Албатта, бу каби ишлар коррупциянинг олдини олиш ва салоҳиятли мутахассисларни қабул қилишда муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, очиқ танлов эълон қилиниб, филиалдаги мавжуд бўш иш ўринларга белгиланган тартибда 4 босқичли танлов ўтказилди. Унда вакант бўлиб турган филиал раҳбари ўринбосарлигига 14 нафар, инсон ресурслари ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш бўлими бош инспекторлигига 19 нафар, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш гуруҳи етакчи инспекторлигига 2 нафар номзоднинг ҳужжатлари саралаш босқичи учун умумлаштирилиб агентликка тақдим этилди. Саралаш босқичидан жами 14 нафар номзод кейинги босқичга ўтказилгани муносабати билан 2 босқичли тест синовлари ташкил этилиб, ундан муваффақиятли ўтган номзодлар билан республика комиссияси аъзолари суҳбатидан ўтказилди.

Энг асосийси, ана шундай тартибда ишга кирган ҳар бир кадр ўз меҳнатини қадрлаган ҳолда қонунларга ҳалол ва намунали меҳнат қилади.

Коррупция – жамият кушандаси. Унга қарши курашиш нафақат давлатнинг, балки бутун жамият олдида турган вазифадир. Мана шу фаолиятда зарур бўлса, жамиятнинг ҳар бир аъзосини, ҳоҳ у мансабдор шахс бўлсин, ҳоҳ у оддий фуқаро, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлаш орқали коррупцияни олдини олиш мумкин бўлади.

Буюк бобомиз Амир Темур «Давлат – раҳбарлару фуқароларнинг садоқати ва фидойилиги-ла қудратлидир», дея бежиз айтмаган. Шундай экан, фуқаролик хизматида ишлайдиган ходим ҳалоллиги, талабчанлиги ва фидоийлиги билан барчага ибрат бўлиши лозим.


Саидфаррух ИСЛОМОВ,

Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги Фарғона вилояти филиали раҳбари

Чоп этиш