Давлат фуқаролик хизматида янги технологиялар

15:33 - 15 июл 2024 Янгиликлар
2183

Улар кадрлар билан ишлаш жараёнини осонлаштирмоқда

Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан қуйидаги ахборот тизимлари ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич амалиётга жорий этилмоқда:

Давлат фуқаролик хизматчиларининг шахсий “my.argos.uz” кабинети такомиллаштирилди, натижада Миллий кадрлар захирасига киритилган номзодларнинг ўз шахсий ривожланиш режасини шакллантириш ва таҳрирлаш, Агентлик масъул ходими билан келишиш, ушбу режада белгиланган бандларнинг ижроси юзасидан маълумотлар киритиш ва уни мониторинг қилиб бориш  имконияти яратилди. 

II. Миллий кадрлар захираси “zaxira.argos.uz” ахборот тизими ишлаб чиқилди ҳамда Давлат фуқаролик хизмати соҳасида инсон ресурсларини бошқариш “hrm.argos.uz” ахборот тизими билан интеграциялаш ишлари амалга оширилди.

III.  Давлат фуқаролик хизмати соҳасида инсон ресурсларини бошқариш “hrm.argos.uz” ахборот тизимида масъуллар билан буйруқ лойиҳаларини келишиш имкониятлари жорий этилиб, ушбу ахборот тизими орқали ариза ва буйруқларни шакллантириш ҳамда “vacancy.argos.uz” портали билан интеграция жараёнлари якунланди. 

IV. Давлат фуқаролик хизматчиларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини амалга оширишга мўлжалланган Ягона онлайн масофавий таълим “edu.argos.uz” платформасининг дастлабки шакли ишлаб чиқилиб, янада такомиллаштирилмоқда. Ушбу платформани тажриба-синовдан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.

V. Давлат хизматчиларининг назарий билимлари ва психологик ҳолатини баҳолаш мақсадида давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш платформаси “test.argos.uz” жорий этилди. Мазкур платформа ёрдамида бир вақтнинг ўзида 1000 нафаргача номзодни синовдан  ўтказиш  мумкин. Бугунги кунда республика ижро этувчи ва маҳаллий ҳокимият органларидаги вакант лавозимлар учун эълон қилинган танловларнинг тест босқичида шаффофликни таъминлаш мақсадида номзодлар учун Face ID текширувидан ўтиш тартиби жорий этилди.  Тест жараёнларини жамоатчилик  ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб бориши учун онлайн трансляция имкони яратилди.

VI. Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида Агентлик фаолиятига замонавий технологияларни жорий этиш учун халқаро эксперт жалб қилинди. Эксперт ҳамкорлигида Big Data, BI, AI технологияларини давлат фуқаролик хизмати соҳасига жорий этиш орқали маълумотларни йиғиш, тайёрлаш, самарали таҳлил қилиш каби вазифаларни автоматлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Агентлик ва Корея Республикаси Персонални бошқариш вазирлиги ўртасида имзоланган Битимга асосан, Ўзбекистон давлат хизматчилари салоҳиятини ошириш соҳасида ҳамкорлик режаси белгиланди.

Ушбу ҳамкорлик доирасида Корея тажрибаси асосида давлат хизматчиларининг салоҳиятини ошириш билан бир қаторда инсон ресурсларини бошқаришнинг электрон тизимини янада такомиллаштириш ҳам режалаштирилган.

Чоп этиш