Учқўрғон туман ҳокимлигида экспресс-тренинг: ҳудудни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган вилояти филиали ташаббуси билан Учқўрғон туман ҳокимининг лавозимга киришиш (адаптация) жараёнини тезлаштириш, ҳудуддаги раҳбарларнинг бир мақсад йўлида жамоа бўлиб, самарали фаолиятларини ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида экспресс-тренинг ташкил этилди.

Тренинг иштирокчиларига давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги янгиликлар, энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари(KPI) асосида баҳолаш тартиби, раҳбар шахсининг маънавий қиёфаси ҳамда ходимларни самарали бошқариш механизмлари тушунтирилди. "Маҳалла еттилиги" билан ҳамкорлик, натижадорликка эришишга хизмат қиладиган таклиф ва тавсиялар берилди.
Раҳбар маданияти, турли шароитларда ўзгаришларни бошқариш усуллари юзасидан мулоҳазалар алмашилди. Шунингдек, халқ хизматчиларига аҳоли муаммолари билан манзилли ишлаш, фаолиятда тизимли натижадорликка эришиш, саломатликни асраш бўйича муҳим тавсиялар берилди.